Саволнинг ID си: 9116
Ўзбекистон Республикаси Мехнат кодексининг 79-моддасида "Ўзаро яқин қариндош ёки қуда-анда бўлган шахсларларнинг, башарти улардан бири иккинчисига бевосита бўйсиниб ёки унинг назорати остида хизмат қиладиган бўлса, бир давлат корхонасида бирга хизмат қилишлари тақиқланади" деб белгиланган. Мактабда директор бўлиб ишлайдиган аёл кишининг турмуш ўртоғи шу мактабда электрик ва қизи қоровул лавозимида ишлайди.
Директорнинг турмуш ўртоғи электрик ва қизи қоровул лавозимларида шу мактабда ишлашлари мумкинми? 79-моддада "бевосита бўйсиниб ёки унинг назорати остида хизмат қилиши" сўзлари батафсил тушунча берсангиз. Масалан:Давлат корхонасида бошлиқнинг қариндоши кассир лавозимида ишлайди. Кассир бошлиққа эмас, балки бош бухгалтерга бевосита бўйсингани учун шу ташкилотда ишлаши мумкинми?
Экспертларнинг жавоблари:

Саволингиздаги биринчи ҳолатда мактабда хўжалик ишлари бўйича директор муовини штати бор ёки йўқлигини кўрсатмагансиз.

Агар мактабда шундай лавозим мавжуд бўлса, у ҳолда электрик ва қоровул директорга эмас, балки хўжалик ишлари бўйича директор муовинига бўйсуниб унинг назорати остида бўлади.

Шу тариқа, МКнинг 79-моддасида белгиланган ўзаро яқин қариндошларнинг бир давлат ташкилотида бирга хизмат қилишга доир чекловлар уларга нисабатан татбиқ этилмайди.

Бевосита бўйсуниб ёки унинг назорати остида хизмат қилиш деганда ташкилот ёки унинг бўлинмаси раҳбарига тўғридан-тўғри бўйсуниш ҳамда бевосита улардан бирининг қўл остида бўлиши тушунилади.

Сиз келтирган мисолда ҳам ходимнинг ташкилот раҳбарига тўғридан-тўғри бўйсуниши ҳолати мавжуд эмас. Чунки бухгалтерия бўлими ташкилотнинг мустақил бўлинмаси ҳисобланиб унда хизмат қилаётган ходимлар бевосита бўлим бошлиғига бўйсунади ва унинг назорати остида бўлади.

Фикримизча, бу ҳолатда ҳам ўзаро яқин қариндош бўлган шахсларнинг бир ташкилотда меҳнат қилишлари учун монелик йўқ.

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.