Саволнинг ID си: 9813
Корхонамиз чет эллик компаниядан импорт шартномаси асосида маҳсулот олиб келган ва олиб келинган маҳсулотлар учун тўловларни тўлиқ амалга оширмаган. Охирги марта тўланган тўлов 3 йил олдин амалга оширилган. Корхонамиз ягона солиқ тўлови тўловчиси ҳисобланади.
Муддати ўтган кредиторлик қарз қанақа хужжатларга асосан ҳисобдан чиқарилади ва даромадга олишим мумкин? Ушбу ҳисобдан чиқарилган маблағлардан солиқ тўлаш тартиби қандай?
Экспертларнинг жавоблари:

Бухгалтерия ҳисобида даъво муддатлари ўтган кредиторлик қарзларни мавжудлигини ва уларнинг миқдорини аниклаш мақсадида ҳисоб-китобларни инвентарлаш ўтказилиши лозим.

Мол етказиб берувчилар ҳамда бошқа дебитор ва кредиторлар билан ҳисоб-китобларни инвентарлаш тегишли ҳужжатлар бўйича қолдиқларни аниқлаш ва бухгалтерия ҳисоби счётларида қайд этилган суммаларнинг асослилигини синчиклаб текширишга асосланади.

Инвентарлашни ташкил этиш ва ўтказиш, унинг натижаларини расмийлаштириш тартиби 19-сон БҲМСда акс эттирилган.

Ҳисоб-китобларни инвентарлаш натижалари 19-сон БҲМСнинг 16-иловаси бўйича далолатнома билан расмийлаштирилади ва корхона рахбари томонидан тайинланган инвентарлаш комиссия аъзолари томонидан тасдиқланади.

Инвентарлаш натижасида аниқланган даъво муддати ўтган қарздорликлар корхона рахбари буйруғи асосида ҳисобдан чиқарилади ва асосий фаолиятнинг бошқа даромадларини ҳисобга олувчи 9360 счётига олиб борилади.

Фуқаролик қонун ҳужжатларига мувофиқ даъво муддати ўтган ҳисобдан чиқарилган мажбуриятлар мажбуриятларни ҳисобдан чиқаришдан олинадиган даромад ҳисобланади (СКнинг 132-моддаси 7-банди, 136-моддаси). Унинг суммаси бошқа даромадлар таркибида корхонанинг асосий (соҳа) фаолият тури учун белгиланган ЯСТ ставкалари бўйича солиққа тортилади (СКнинг 353-моддаси).

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.