Саволнинг ID си: 9850
Корхона қалава ип ишлаб чиқариш билан шуғулланади. ЯСТ шу билан биргаликда ихтиёрий ҚҚС тўловчиси ҳисобланади. Корхонамиз ҚҚС имтиёзли ноль ставка қўллаган ҳолда экспорт қилиб Россия ва Туркия давлатларига чет эл валютасида товарларни сотиш натижасида ҳамда пахта толасини ҚҚС билан сотиб олиш натижасида ҚҚС бўйича ортиқча маблағ ҳосил бўлди.
1. Корхона ҚҚС бўйича ортиқча ҳосил бўлган маблағни қандай йўл билан ЯСТга ўтказиши мумкин? 2. Экспорт қилиш натижасида ҳосил бўлган ортиқча ҚҚС суммасини ЯСТ ҳисобига ўтказиш туман ДСИ ва туман Молия бўлимлари томонидан амалга ошириладими?
Экспертларнинг жавоблари:

1. Солиқ тўловчиларга ноль даражали ставкани қўллаш натижасида ҳосил бўлган ҚҚСнинг ортиқча суммасини солиқ тўловчининг банкдаги ҳисобварағига қайтариш тартиби Низом билан белгиланган (АВда 07.04.2016й. 2775-сон билан рўйхатга олинган).

ҚҚСнинг ортиқча суммаси солиқ тўловчига қуйидаги кетма-кетликда қайтарилади:

Ўзбекистон Республикаси норезидентлари томонидан тақдим қилинган ишлар ва хизматлар бўйича тўланиши лозим бўлган ҚҚС суммаси қопланади (СКнинг 207-моддаси бўйича);

солиқ тўловчининг бошқа солиқлар бўйича мавжуд солиқ қарзи қопланади;

солиқ тўловчининг банк ҳисобварағига пул маблағлари ўтказилади (СКнинг 228-моддасига мувофиқ).

ҚҚСнинг ортиқча суммасини бошқа солиқлар бўйича қарздорликни қоплаш ҳисобига қайтариш Солиқ кодекснинг 56-моддасида белгиланган тартибда амалга оширилади.

2. ҚҚСнинг ортиқча суммасини банкдаги ҳисобварағига қайтариш учун солиқ тўловчи белгиланган шаклдаги ариза билан у рўйхатга олинган жойдаги ДСИга мурожат этиши лозим. Бунда ариза билан бирга Низомда белгиланган ҳужжатлар тақдим этилиши лозим.

Ҳужжатлар тўплами олинганидан кейин ДСИ ҚҚС бўйича ноль даражали ставкани қўллашнинг асослилигини, ҳамда ҳужжатларнинг мавжудлиги ва ишончлилигини текширади.

Маълумотлар ишончли ва хужжатлар тўлик бўлса ДСИ хужжатлар тўпламини кейинги кўриб чиқиш учун вилоят (шаҳар) ДСБга, ДСБ эса ДСҚга белгиланган муддатларда юборилади.

Тақдим этилган хужжатларга асосан ДСҚ ўз хулосасини Молия вазирлигига юборади.

Молия вазирлигининг тегишли тармоқ бошқармаси ДСҚ томонидан тасдиқланган Хулосани кўриб чиқади ва ҚҚСнинг ортиқча суммасини қайтариш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, ҚҚСнинг ортиқча суммасини солиқ тўловчининг банк ҳисобварағига қайтариш тўғрисида сўровномани тайёрлайди.

МВнинг Сўровномаси ва ДСҚнинг Хулосаси Молия вазирлиги ғазначилигига Ягона ғазна ҳисобварағидан солиқ тўловчининг банк ҳисобварағига тўловни амалга ошириш учун топширилади.

Агар корхонангизни ЯСТ бўйича қарздорлиги бўлса, унда ғазначиликдан қайтарилган сумма ЯСТ бўйича қарзни қоплашга йўналтирилади, қолган қисми эса корхонанинг банк ҳисобварағига қайтарилади.    

Шунингдек ғазначиликдан қайтарилган сумма корхонанинг аризасига биноан солиқлар бўйича келгуси тўловлар ҳисобига олиниши мумкин. 

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.