Саволнинг ID си: 10127
Вазирлар Маҳкамасининг 06.04.2017 йилдаги 184-сон Қарори билан кичик тадбиркорлик субъектларига тегишли бўлган ташкилотлар таснифлагичига ўзгартиришлар киритилган. Шунга кўра, Ўзбекистон автомобиль йўллари давлат қўмитаси тизимидаги туман йўл хўжалиги ходимларининг ўртача йиллик сони кичик корхоналарга белгиланган меъёрдан ошмаган тақдирда, улар ягона солиқ тўлови тўловчиси бўлиши мумкинми?
Экспертларнинг жавоблари:

Микрофирмалар ва кичик корхоналар жумласига ходимларининг сони бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган мезонга мос келадиган юридик шахслар киради. Бунда:

  • ходимларнинг сони ҳисобот йили учун ходимларнинг ўртача йиллик сонидан келиб чиққан ҳолда аниқланади;
  • ходимларнинг ўртача йиллик сонини аниқлашда ўриндошлик, пудрат шартномалари ва бошқа фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномалар бўйича ишга қабул қилинган ходимларнинг, шунингдек унитар корхоналарда, ваколатхоналар ва филиалларда ишлаётганларнинг сони ҳам ҳисобга олинади;
  • юридик шахсларни микрофирмалар ва кичик корхоналар тоифасига киритишда юридик шахснинг асосий фаолият (ихтисослиги) турига тўғри келадиган ходимлар сонининг мезони қабул қилинади.

Бунда акциз солиғи тўланадиган маҳсулот ишлаб чиқаришни ва ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ солинадиган фойдали қазилмаларни қазиб олишни амалга оширувчи микрофирмалар ва кичик корхоналарга ягона солиқ тўлови татбиқ этилмайди (СКнинг 350-моддаси).

Микрофирмалар ёки кичик корхоналар сирасига киритиш учун ходимларнинг чекланган сони ИФУТ кодига қараб Кичик тадбиркорлик субъектларига тегишли бўлган ташкилотлар таснифлагичи бўйича аниқланади (ВМнинг 24.08.2016 йилдаги 275-сон қарори).

Юқоридагилардан келиб чиқиб айтишимиз мумкинки, сизнинг корхонангиз Кичик тадбиркорлик субъектларига тегишли бўлган ташкилотларнинг таснифлагичига кўра кичик корхоналар тоифасига кирса, корхона Солиқ кодексининг 350-моддаси биринчи қисмига асосан солиқ солишнинг соддалаштирилган тартибини танлаб, ягона солиқ тўловини тўлаш тартибига ўтиш ҳуқуқига эга.

Шунингдек, 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб Нотижорат ташкилотларига ходимлар сонидан қатъи назар уларнинг тадбиркорлик фаолиятидан олинган даромадлари қисмидан ягона солиқ тўловини тўлаш ҳуқуқи берилган (Президентнинг 29.12.2017й. ПҚ-3454-сонли қарори, 10-банди).

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.