Саволнинг ID си: 11057
Таътил пулини ҳисоблашда, аввалги таътил пулларининг тарифдан ошган қисми ҳам бу йилги ҳисоб-китобларнинг 1/12 қисмида хисобга олиниши равшан. Бироқ, ушбу ҳолатда тариф қисмидан ортиқча қисмини ҳисоблашда, икки хил ёндашувли хаволалар мавжуд. Масалан, СБХ, 06.09.2012 й, №36 да аввалги таътил пулини ҳисоблашда тарифдан ортиқча тўловларнинг 1/12 қисми олиниб 25,4 га бўлинади ҳамда таътил кунларига кўпайтирилади. СБХ, 17.06.2014 й, №24 да эса таътил пули суммасидан тариф қисми тўғридан тўгри чегирилган. Бундай мисоллар талайгина. Энг қизиғи, икки ҳолатда доимо натижалар ҳар хил бўлади. Масалан, ойлик маош 2 800 191,80 сўм, тарифдан ортиқча тўловлар 13 092 568,78 сўм, ҳисоб-китоб даври 7 ой, таътил 24 кун бўлганда: таътил пули 4 413 126.39 сўм бўлади. Бунда тарифдан ортиқча қисм 4 413 126.39 - 2 800 191,80 = 1 612 934,59 га тенгми ёки 13 092 568,78:7/25,4*24=1 767 275,87 га тенг бўладими. Иложи бўлса мисоллар орқали турли вазиятларда ўртача ойлик иш ҳақини хисоблаш методикасини тақдим этсангиз.
1. Юкоридаги мисолда қайси вариант тўғри ва қандай ҳужжатга асосан? 2. Огоҳлантириш муддати ўрнига компенсация тўланганда, 2-ҳамда 3-ойлар учун ўртача ойлик иш хаки (аввалги икки ой/2) ҳисоблашда ҳам татил пулининг фақатгина тарифдан ортиқча қисмини киритиш лозимми ёки бундай ҳолларда ҳар қандай (ЕСП объекти бўлса) ойлик даромадини 2 га бўлиш креакми?
Экспертларнинг жавоблари:

1.Ўртача ойлик иш ҳақини ҳисоблаб чиқариш ВМнинг 11.03.1997 йилдаги 133-сон қарори билан тасдиқланган тартибда (кейинги ўринлардаТартиб) амалга оширилади.

Агар ходим бир йилда икки марта таътилга чиқадиган бўлса, иккинчи таътил учун тўланадиган ҳақ суммасини ҳисоблаб чиқаришда тарифакация бўйича белгиланган иш ҳақидан (ёки лавозим маошидан) ошган тўловларга, жумладан, аввалги таътил пули суммасидаги тарифдан ошган қисми ҳам киритилади.

Иккинчи таътил ҳақи суммасини ҳисоблаб чиқаришда иштирок этадиган аввалги таътил пулининг тарифдан ташқари қисмига келсак, уни ҳисоблаб топиш усуллари қонун ҳужжатларида белгиланмаган ва унга бағишланган бирор-бир қонун ҳужжати мавжуд эмас. СБХ газетасининг саволда кўрсатилган сонларида турли экспертларнинг шахсий фикрлари келтирилган. Лекин  фикримизча ҳисоб-китобнинг саволда келтирилган иккинчи варианти тўғри, чунки унда таътил пулидан тарифдан юқори қисмининг ҳақиқатдаги суммаси ажратиб олинади. Ушбу хулосамизни қуйида асослаб беришга ҳаракат қиламиз.

(Саволда келтирилган мисолда ҳисоб-китоб даври 7 ой деб берилган, лекин ҳисоб-китоб 24 кун учун қилинган. Тушунишимизча таътил корхонада 7 ой ишлаган ходимга берилган, ортиқча қисми аванс тариқасида берилган бўлса керак. Таътил ходим корхонада ҳақиқатда ишлаган даврига мутаносиб вақтга берилади. Бундай ҳолда таътил куни 14 кунни ташкил этади (24 / 12 * 7 = 14). Шунинг учун қуйида келтирилган мисолда таътил пулини 14 кунга ҳисоблаб чиқарамиз).

Ходим биринчи марта таътилга чиққанида таътил пули қуйидагича ҳисоблаб чиқарилган:

(2 800 191,8 + 13 092 568,78 / 12) / 25,4 * 14 = 2 144 777,51 сўмтаътил пули

Юқоридаги амални математика қоидаларига биноан очиб ташлаб ёзамиз (яъни қавсларни очиб ташлаймиз):

2 800 191,8 / 25,4 * 14 + 13 092 568,78 / 12 / 25,4 * 14 = 2 144 777,51 сўмтаътил пули.

Бунда:

2 800 191,8 / 25,4 * 14 = 1 543 412,8  –  таътил пулининг тариф қисми;

13 092 568,78 / 12 / 25,4 * 14 = 601 364,71  – таътил пулининг тарифдан юқори қисми.

Кейинги таътил пулини ҳисоблашда (ёки бошқа мақсадда) ўртача ойлик иш ҳақини аниқлаш учун  601 364,71 сўм ҳисоб-китобга киритилади.

2.Огоҳлантириш муддати ўрнига компенсация пули тўланганда ўртача ойлик иш ҳақи Тартибнинг 5-бандига асосан, охирги икки календарь ойидаги ўртача ойлик иш ҳақидан келиб чиқиб аниқланади. Бунда охирги икки ойлик жами иш ҳақининг суммаси иккига бўлинади. Агар охирги икки ой ичида таътил пули ҳам тўланган бўлса, жами иш ҳақи таркибига таътил пули тўлиқ миқдорда киритилади. Қўшимча маълумотни қуйидаги манбадан олишингиз мумкин:

https://kadrovik.uz/question/8989?us=7dluo5b4a1kifovlou3a8cofd2

Шунингдек, қўшимча маълумотларни СБХ 2017 йилдаги 35-сонининг “Амалий бухгалтерия” бўлимида чиққан материалдан олишингиз мумкин.

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.