Саволнинг ID си: 12158
Бизнинг корхонамиз - масъулияти чекланган жамият шаклидаги қўшма корхона (5.12.2007й. Президентининг ПҚ-741- сонли қарори билан очилган). Устав жамғармасининг 70 % га "Узавтосаноат" АЖ, 30 % га Жанубий Кореянинг "АМС СО." компанияси эгалик қилади.
Ходимларни ишга қабул қилишда Классификаторда маълумот буйича белгиланган талаблар корхонамиз учун мажбурий тусга эгами ёки тавсиявийми?
Экспертларнинг жавоблари:

ВМнинг 04.10.2017 йилдаги 795 – сонли қарори билан Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касбларининг янгиланган классификатори тасдиқланиб, 2017 йил 1 ноябрдан бошлаб амалга киритилган.

Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касбларининг ушбу классификатори хизматчилар лавозимлари ва ишчилар касблари номларидан фойдаланиш юзасидан - ходимларнинг меҳнат дафтарчаларига ёзувларни қайд этишда, меҳнат шартномалари тузишда, буйруқларни расмийлаштиришда, хизматчиларнинг лавозимларини ходимлар тоифаларига киритишда мажбурий ҳисобланади;

ишга қабул қилишда ходимлар маълумотининг энг паст даражаси, ишчилар касблари бўйича малака разрядларини белгилаш юзасидан - ЎзРи Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан ташкил этилган давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотларида (кейинги ўринларда давлат ташкилотлари деб аталади), хўжалик бошқаруви органларида, шунингдек устав капиталида давлат улуши 50 фоиздан ортиқ бўлган ташкилотларда қўлланилиши мажбурий ҳисобланади, бошқа ташкилотлар учун эса - тавсия хусусиятига эга.

таълим йўналиши юзасидан - барча ташкилотлар учун тавсия хусусиятига эга.

Шуни таъкидлаш лозимки, масъулияти чекланган жамият деб бир ёки бир неча шахс томонидан таъсис этилган, устав фонди таъсис ҳужжатлари билан белгилаб қўйилган миқдорлардаги улушларга бўлинган жамият тан олинади. Масъулияти чекланган жамиятнинг иштирокчилари унинг мажбуриятлари бўйича жавобгар бўлмайдилар ва жамият фаолияти билан боғлиқ зарар учун ўзлари қўшган ҳиссалар қиймати доирасида жавобгар бўладилар (ФКнинг 62-м.).

Шунинг учун, ишга қабул қилишда ходимлар маълумотининг энг паст даражаси ҳамда ишчилар касблари бўйича малака разрядларини белгилаш юзасидан талаблар масъулияти чекланган жамият учун тавсия хусусиятига эга.

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.