Саволнинг ID си: 12601
Корхона паррандачилик фаолияти билан билан шуғулланади, ўзининг ер майдони мавжуд эмас, ижарага олинган ер майдонида фаолиятни амалга оширади, табийки, ягона ер солиғи тўловчиси бўлиб ҳисобланмайди. 2019-йилда умумбелгиланган солиқ тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтмокда. 2018-йил 31-декабрда Вазирлар махкамасининг №1065-сонли қарорига кўра, сотилган паррандачилик маҳсулотлари ҚҚСдан озод қилинди. Аммо, корхона мол етказиб берувчилардан ем ва рационни ҚҚС билан сотиб олади. Уни қандай ҳисобга оламиз, масалан, 1 млрд сўм товуқ гўшти реализация қилинди (ҚҚСсиз), мол-етказиб берувчилардан рацион сотиб олинди - 500 млн сўм, ҚҚС - 100 млн, жами -600 млн сўм.
Юқоридаги ҳолатда корхона мол-етказиб берувчига тўлаган ҚҚСни қандай ҳисобга олади ёки сотилган маҳсулот таннархига қўшиладими?
Экспертларнинг жавоблари:

СКнинг 208-моддаси 28-бандига мувофиқ, ўзи етиштирган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ва Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган рўйхат бўйича Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқариладиган озиқ-овқат маҳсулотларини реализация қилиш оборотлари қўшилган қиймат солиғидан озод этилган. Вазирлар Маҳкамасининг 31.12.2018 йилдаги №1065 қарори билан реализация қилиш оборотлари қўшилган қиймат солиғидан озод этилган озиқ-овқат маҳсулотларининг рўйхати тасдиқланган.

Мазкур имтиёз тадбиқ этиладиган оборотлар солиқ солинмайдиган оборотлар бўлиб ҳисобланади (СКнинг 200-моддаси). Солиқ солинмайдиган оборотларда ишлатиладиган материаллар сотиб олинган пайтда сотувчига тўланган ҚҚС суммаси ушбу материалларнинг таннархига киритилган ҳолда ҳисобга олинади (АВда 02.04.2005 йилда 1463-сон билан рўйхатга олинган Низомни қаранг).

Сизнинг ҳолатингизда мол етказиб берувчилардан ем олинганда уларга тўланган ҚҚС суммаси емнинг таннархига киритилади, яъни 1010 “Хом ашё ва материаллар” счётида емнинг нархини ҚҚС суммаси билан бирга ҳисобга оласиз ва сизда ем таннархи 500млн + 100млн = 600млн. сўм бўлади. Ем товуқларга берилганда ушбу емнинг таннархи тайёр маҳсулот (товуқ гўшти)нинг таннархига ўтказилади, демак ем таннархида ҳисобга олинган ҚҚС суммаси ҳам (савол шартида кўрсатилган 100 млн.сўм) натижада маҳсулот таннархига кирган бўлади.

Етиштирилган товуқ гўштини реализация қилганингизда чиқариладиган счёт-фактурада ҚҚС суммасини ажратиб кўрсатмайсиз ва “ҚҚСсиз” белгисини қўясиз (Ҳисобварақ-фактураларни ҳисобга олиш ва расмийлаштири тартиби, АВда 22.03.2013 йилда 2439-сон билан рўйхатга олинган қарорнинг 3-иловаси). ҚҚС тўловчиси бўлмаганингиз учун ем қийматидаги ҚҚС суммасини ҳисобга (зачётга) олмайсиз (СКнинг 218-моддаси).

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.