Саволнинг ID си: 12675
Жамиятда ишловчи ходимнинг қизи 18 ёшда. Олий таълим муассасида контракт асосида ўқийди. Унинг онаси бизнинг кохонамизда ишлайди. Ходим ўзининг ойлигидан ўзи мустақил банкка бориб нақд пулда ва ўзининг ойлиги тушадиган пластик карточкадан қизининг контракт пулини тўлаган. 2018 йил якуни бўйича барча тўлаган квитанцияларини бухгалтерияга тақдим этди. Хозирда иш ҳакидан солиқ имтиёзини талаб этмоқда. Корхона ишчининг иш ҳақисидан тўлик даромад солиғини ушлаб туман ДСИга тўлаб берган.
Ходим қандай қилиб қизининг контрактига тўлаган маблағига тўғри келадиган даромад солиғи суммасини қайтариб олиши мумкин?
Экспертларнинг жавоблари:

ЖШДС бўйича имтиёз иш жойида қўлланилмаган бўлса, ортиқча тўланган солиқ суммасини декларация топшириш орқали қайтариб олиш мумкин. Ходим (ўқувчининг ота-онаси) турар жойи бўйича солиқ инспекциясига бориб, декларация топшириши лозим (СКнинг 34-боби).

Бунинг учун жисмоний шахс солиқ инспекциясига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

  • Талаба билан олий ўқув юрти ўртасида ўқитиш тўғрисида тузилган шартнома нусхаси;
  • Олий ўқув юрти ҳисоб рақамига пул маблағларини мустақил тўлаганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар нусхаси;
  • Солиқ имтиёзини қўлловчи шахснинг (онаси ёки отасининг) паспорт нусхаси;
  • Таълим олувчининг (фарзанднинг) паспорт нусхаси ва туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаси нусхаси;
  • Иш жойидан жами даромади ва ушлаб қолинган солиқ суммаси тўғрисида маълумотнома.

Агар декларацияни ота-онанинг биттаси, масалан, онаси топширса ва солиқ чегирмаси суммаси унинг жами йиллик даромади суммасидан ортиқ бўлса, қолган суммага солиқ чегирмаси унинг отасига берилади (Ўзбекистон Республикаси олий ўқув юртларида таълим олиш учун йўналтириладиган маблағларга жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича имтиёзни қўллаш тартиби тўғрисидаги Низом, АВда 2010 йил 27 майда 2107-сон билан рўйхатга олинган).

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.