Саволнинг ID си: 13228
Жамиятимизга хорижий хамкоримиз томонидан янги чет эл ускунларини олиб келиниб, ўрнатилган. Ходимларимиз янги ускунларда ишлаш қоидаларига ўргатилди. Ҳозирда ходимлар билан номуайян муддатга тузилган меҳнат шартномаларини муддатли меҳнат шартномасига ўзгартириб, шартномага қўшимча шарт сифатида тарафларнинг неустойка тўлаш мажбуриятларини киритиш режалаштирмоқда.
Ушбу ҳолатда, мехнат шартномасида неустойканинг миқдори қандай белгиланади (иш берувчи ходимнинг манфаатларини кўзлаб қилган харажатлари миқдоридами ёки тарафларнинг ўзаро келишуви асосидами)?
Экспертларнинг жавоблари:

Агар шартноманинг амал қилиш муддати тўғрисидаги шарт муддатли меҳнат шартномасига киритилиши мажбурий ҳисобланса, неустойка тўлаш тўғрисидаги шарт эса фақат томонларнинг ўзоро хохишига кўра ва унинг томонлар шартлашган муддат давомида амал қилишни таъминлаш мақсадида келишилади.

Бу шартни муддатли меҳнат шартномасига киритишда унинг амал қилиш муддати тўғрисида эришилган келишувни бузган томон бошқа томонга ушбу шартномани тузишда шартлашилган миқдорда бошқа пул суммасини (яъни, неустойка) тўлаши шарт.

Неустойка тўлаш тўғрисидаги шарт келишилар экан, МКнинг 104-моддасида мустаҳкамланган қуйидаги талабларни ҳисобга олиш лозим:

1. Томонларнинг неустойкани тўлаш тўғрисидаги ўзоро мажбурияти фақат муддатли меҳнат шартномаси мазмунига киритилиши мумкин.

2. Қонун неустойка миқдорини чегараламайди, у томонларнинг келишувига кўра белгиланиши ва иш берувчи томонидан ҳодимнинг манфаатларини кўзлаб қилинган ҳаражатларга, ходим ишлаган давр ва бошқа ҳолатларга боғлиқ тарзда тафовут қилиши мумкин. Масалан, 3 йилга тузилган муддатли меҳнат шартномасида 1,5 йилдан сўнг неустойка миқдори 2 марта камайиши ёки неустойка миқдорини белгилашга дахлдор бошқа исталган вариант назарда тутилиши мумкин.   

Ходим тўлайдиган неустойка миқдори иш берувчи тўлайдиган нестойка миқдоридан ошиб кетиши мумкин эмас.

Иш берувчининг розилиги билан у тўлайдиган неустойка миқдори ходим тўлайдиган неустойка миқдоридан ошиши мумкин.

Агар неустойка миқдори томонларнинг келишувига кўра белгиланса, унинг тўлаш тартиби қонун томонидан қуйидагича бегиланади:

меҳнат муносабатларини муддатидан олдин бекор қилиш ташаббуси ходимнинг ўзидан (МКнинг 99-м.) ёки унинг айбли хатти-харакатлари билан (МКнинг 100-м. 2-қ. 3,4-б.) боғлиқ асослар бўйича иш берувчидан чиқса, ходим неустойка тўлайди;

агар меҳнатга оид муносабатлар ходимнинг айбли хатти-ҳаракатлар билан боғлиқ бўлмаган асослар бўйича (МКнинг 100-м. 2-қ. 1, 2, 5, 6-б.) иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилинган бўлса, иш берувчи ходимга неустойка тўлайди.

Томонлардан бири неустойка тўлашдан бош тортса, уни ундириш суд тартибида амалга оширилади.        

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.