1.Банкдан корхона эҳтиёжлари учун олинган нақд пулга жисмоний шахслардан бозордан маҳсулот ёки бошқа бирор мол-мулкни харид қилиш мумкин. Ушбу ҳолда сотувчи билан тузилган топшириш-қабул қилиш далолатномаси кифоя килади. Нақд пулга бозордан маҳсулот ёки бошқа бирор мол-мулкни харид қилиш юклатилган моддий жавобгар шахс қорхонага қилинган харажатлари тўғрисида ҳисобот топшириши шарт.
Амалиётда банклар одатда нақд пулни фақатгина умумовқатланиш фаолияти билан шуғулланувчи корхоналарга бозордан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиб олиш учун беради. Бунда ЖШДС бўйича имтиёзни қўллаш учун сотувчи тегишли маҳаллий давлат ҳокимияти органи, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи, боғдорчилик, узумчилик ёки полизчилик ширкатларининг бошқарувлари томонидан берилган, реализация қилинган маҳсулот солиқ тўловчи томонидан унга ёки унинг оила аъзоларига ажратилган ер участкасида етиштирилганлигини тасдиқловчи белгиланган шаклдаги ҳужжатни тақдим этиши лозим (СКнинг 179-моддаси 12-банди).
Хомашё ва материаллар, асосий воситалар харид қилишда уларни сотаётган жисмоний шахс бу жараёнда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланмасдан, балки ўзининг хусусий мол-мулкини сотаётган бўлиши лозим. Акс ҳолда бу тадбиркорлик фаолияти ҳисобланиб, жисмоний шахс ЯТТ сифатида рўйхатдан ўтиши лозим ва ЯТТлар сотиши мумкин бўлган товарларнигина сотиши мумкин. Корхона ушбу ҳолатда мол-мулкни ЯТТдан фақатгина корпоратив пластик карта орқали харид қила олади.
2.Банкдан олинган нақд пул ҳам, корхона кассасига кирим қилинган нақд пул ҳам фақатгина олиш ва топширишдаги белгиланган мақсадларга ишлатилиши лозим. Маҳсулотлар ёки бирор мол-мулк сотиб олиш учун олинган нақд пулни Низом жамғармасини шакллантириш учун топширилган нақд пул ҳисобидан қопланмайди. Корхона эҳтиёжлари учун олинган нақд пуллар мақсадли ишлатилиб, ортиб қолгани корхонанинг банкдаги ҳисоб рақамига топширилади. Низом жамғармасини шакллантиришда ортиқча топширилган пул маблағлари:
- таъсисчига қайтарилади;
- ёки Низом жамғармасига қўшимча улуш сифатида рўйхатга олинади;
- ёки таъсисчи ушбу пуллардан корхона фойдасига воз кечса, бу сумма корхона даромадлари таркибига киритилади. Солиқ солиш мақсадида ушбу суммалар корхона учун бошқа даромад ҳисобланиб, ЯСТ ёки фойда солиғи буйича солиқ солиш базасига киритилади (СКнинг 132, 355-моддалари).
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.