Саволнинг ID си: 17808
Корхонада ҳар бир касб ва лавозим бўйича лавозим йўриқномалари ишлаб чиқилиб, тасдиқланган. Меҳнат кодексининг 178-моддаси талабига асосан ҳар бир ходим ўзига юклатиладиган меҳнат вазифалари доираси билан олдиндан имзо чектириб таништирилган. Иш фаолияти давомида лавозим йўриқномаларига тегишли ўзгартиришларни киритиш зарурияти юзага келди.
1. Лавозим йўриқномаларига ўзгартиришлар киритишда ходимнинг розилигини олиш шартми? 2. Лавозим йўриқномасини ўзгартиришда ходим билан тузилган меҳнат шартномасига ўзгартиришлар киритиладими?
Экспертларнинг жавоблари:

Қонунчиликда лавозим йўриқномаларига ўзгартиришлар киритишда ходимнинг розилиги олиниши белгиланмаган. Лекин Меҳнат кодексининг (МК) 89-моддасига асосан иш берувчи ходимнинг розилигисиз меҳнат шартларини ўзгартиришга технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ишлар (маҳсулот, хизматлар) ҳажмининг қисқарганлиги сабабли ҳақли бўлади. Бунда иш берувчи меҳнат шартларидаги бўлажак ўзгаришлар ҳақида ходимни камида 2 ой олдин ёзма равишда огоҳлантириб тилхат олиши шарт. Кўрсатилган муддатни қисқартиришга фақат ходимнинг розилиги билан йўл қўйилади. Шунинг учун лавозим йўриқномасига киритилаётган ўзгартиришлар меҳнат шартларини ўзгартириш билан боғлиқ бўлса, у ҳолда ходимни 2 ой олдин огохлантириш шарт. Меҳнат шартлари тушунчаси МКнинг 88-моддасида кўрсатиб ўтилган.

Агарда лавозим йўриқномасига киритилаётган ўзгартиришлар ходимнинг меҳнат вазифалари ўзгариши - бошқа мутахассислик, малака, лавозим бўйича ишлаш билан боғлиқ бўлса, МКнинг 92-моддасига асосан унинг розилигини олиш керак бўлади.

Юқоридаги ҳолларда лавозим йўриқномасига киритилаётган ўзгартиришлар меҳнат шартномасида кўрсатилган шартларга таъсир қилса ёки уларга зид бўлса, меҳнат шартномасига қўшимча келишув тузиш орқали ўзгартиришлар киритиш лозим.

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.