Саволнинг ID си: 18942
2015 йилда ишга кирганман. Бугунги кунгача фақат 2 йил учун меҳнат таътили олганман.
1. Ходим ишлаб туриб, фойдаланилмаган таътил учун компенсация олиб, яна ишлашда давом этиши мумкинми? 2. Ҳар йили меҳнат таътили олиш мажбурийми ёки ихтиёрийми?
Экспертларнинг жавоблари:

1. Меҳнат кодексининг (МК) 151-моддасига асосан ходимларга иш даврида, уларнинг хоҳишига кўра, йиллик таътилнинг 15 иш кунидан ортиқча қисми учун пуллик компенсация тўланиши мумкин. Шунга кўра 2015 йилдан бери фойдаланилмаган ҳар бир йиллик таътилнинг 15 иш кунидан асли ҳолида фойдаланилиши керак, қолган қисми учун компенсация тўланса бўлади.

Масалан, йиллик таътил 21 иш кунидан иборат. 3 йил таътил олинмаган. Шунда 15 х 3 = 45 куни ҳақиқий дам олинади, қолган 6 х 3 = 18 куни учун компенсация тўланиши мумкин. Шунингдек, МКнинг 137 ва 138-моддаларига асосан меҳнат шароити ноқулай ва ўзига хос бўлган ишлар, оғир ва ноқулай табиий-иқлим шароитларидаги ишлар учун бериладиган йиллик қўшимча таътиллардан ҳам асли ҳолида фойдаланилиши лозим.

2. Таътил ҳар йили, шу таътил берилаётган иш йили тугагунга қадар берилиши лозим. Ишлаб чиқариш тусидаги сабабларга кўра жорий йилда таътилни тўлиқ бериш имкони бўлмаган алоҳида ҳолларда, ходимнинг розилиги билан таътилнинг 12 иш кунидан ортиқ бўлган қисми кейинги иш йилига кўчирилиши мумкин, шу йили ундан албатта фойдаланилмоғи лозим (МК 143-моддаси). Шунга асосан йиллик таътил ҳар йили олиниши шарт. Йиллик таътилларни бериш навбати тасдиқланадиган жадвалга мувофиқ белгиланади (МК 144-моддаси).

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.