Саволнинг ID си: 2661
Жисмоний шахс – муассис (ёш оила аъзоси ҳисобланмайди) ўз дивидендларини қишлоқ жойларда уй-жойни сотиб олиш учун олинган банк кредити бўйича бошланғич бадал ҳамда кейинчалик улар бўйича ҳисобланган фоизларни сўндириш учун йўналтиради (масалан, ҳар ойнинг 11-санасида).
СКнинг 179-моддаси 30-бандига мувофиқ муассиснинг қишлоқ жойларда уй-жой сотиб олиш учун йўналтирилган дивидендлари солиқ солишдан озод қилинадими? Бундай операциянинг бухгалтерия ҳисоби ва солиқ ҳисоботини тўлдириш тартиби қандай?
Экспертларнинг жавоблари:

Қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибда уй-жой қуришни банкларнинг кредитлари ҳисобидан амалга ошираётган қурувчи шахс томонидан олинган ипотека кредитларини ҳамда улар бўйича ҳисобланган фоизларни сўндириш учун ўз иш ҳақини ва бошқа солиқ солиниши лозим бўлган даромадларини йўналтирилганда СКнинг 179-моддаси 30-бандида кўзда тутилган имтиёздан фойдаланишга ҳақли: мазкур мақсадлар учун йўналтирилган даромадларга солиқ солинмайди.

Бундай кредитларни бериш тартиби Тасдиқланган намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жой қурилиши учун "Қишлоқ қурилиш банк" акциядорлик тижорат банки томонидан имтиёзли ипотека кредити бериш тартиби тўғрисида Низом билан (ВМнинг 25.05.2009 йилдаги 148-сон қарорига илова) белгиланган. Низом ипотека кредити беришда иштирок этаётган ЎзР ТИФ Миллий банки ва “Ипотека-банк” АТИБга ҳам  татбиқ этилади.

Низомда белгиланганки, қарз олувчи  бу қишлоқ жойда яшайдиган, қишлоқда уй-жой қурилиши учун ипотека кредити оладиган ва олинган суммани кредит шартномасида белгиланган шартларда қайтариш мажбуриятини қабул қиладиган Ўзбекистон Республикаси фуқароси ҳисобланади.

Қарз олувчи томонидан фоизларни ва ипотека кредитини тўлаш, жумладан иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, пенсиялар, гонорарлар, дивидендлар, фоизлар ва қимматли қоғозлар бўйича олинадиган бошқа даромадлар ҳисобига нақд пулсиз шаклда ўтказиш йўли билан амалга оширилиши мумкин  (Низомнинг 41-банди).

Масалани дивидендларни юқорида кўрсатилган имтиёзлар қўлланадиган солиқ солинадиган бошқа даромадлар таркибига кириши жиҳатидан кўриб чиққанда, шуни қайд қиламизки, СКнинг 176-моддасига кўра дивидендлар жисмоний шахсларнинг мулкий даромадлари таркибига киради. Мулкий даромадлар, ўз навбатида, ЖШДСни ҳисоблаганда солиқ солинадиган база (солиқ солинмайдиган даромадларни чегирган ҳолда) ҳисобланадиган жисмоний шахсларнинг жами даромадлари таркибига киради (СКнинг 171-моддаси).   Яъни, дивидендлар ҳам иш ҳақи каби солиқ солинадиган даромадлар жумласига киради. Дивидендлар ва фоизлар тарзида тўланадиган даромадларга  10 фоиз миқдорида алоҳида солиқ ставкаси белгиланган (Президентнинг 04.12.2014 йилдаги ПҚ-2270-сон қарори).

Шундай қилиб, муассис томонидан ўз дивидендларини (ёки уларнинг бир қисмини) ипотека кредитини ва у бўйича фоизларни сўндириш учун йўналтирилганда, у СКнинг 179-моддаси 30-бандида кўзда тутилган имтиёзлардан фойдаланишга ҳақли. Бунда ипотека кредити қишлоқ жойларда тасдиқланган намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибда уй-жой қуриш учун расмийлаштирилиши керак. Бироқ, бундай уй-жой (мол-мулкка бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатидан ўтказилган) санадан эътиборан беш йил ичида сотилса, кредитни сўндиришга йўналтирилган дивидендларга белгиланган тартибда солиқ солинади.

Бухгалтерия ҳисоби

Хўжалик операцияси мазмуни

 

Дебет

Кредит

Муассисга дивидендлар ҳисоблаб ёзилди

8710

«Ҳисобот даврининг тақсимланмаган фойдаси (қопланмаган зарари)»

6610

«Тўланадиган дивидендлар»

Ипотека кредитини дивидендлар ҳисобидан сўндириш учун банкка ўтказилди

6610

«Тўланадиган дивидендлар»

5110

«Ҳисоб-китоб счёти»

 Солиқ ҳисоботи

Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича солиқ ҳисоботини тўлдиришда (22.03.2013 йилдаги 2439-сон "Солиқ ҳисоботининг шаклларини тасдиқлаш тўғрисида"ги қарорга 2-илова)  муассис томонидан ипотека кредитини сўндиришга йўналтириладиган дивидендлар қуйидагича акс эттирилади:

-          Ҳисобланган ва амалда тўланган даромадлар суммалари ҳамда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг ушлаб қолинган суммалари тўғрисидаги маълумотларда (кейинги ўринларда – Маълумотлар) 004, 006 ва 019-сатрлар бўйича;

-          Маълумотларга 2-иловада “Тўланган дивидендлар ва фоизлар ҳамда ўтказилган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи  суммасининг расшифровкаси”  2, 4, 5 ва 6 графаларда;

-          Маълумотларга 3-иловада“Жисмоний шахсларга ҳисобланган даромадлар расшифровкаси” (йилда бир марта тақдим этилади) 01, 03 ва 032-сатрлар бўйича.

-          Маълумотларга 4-иловада “Жисмоний шахсларнинг солиқ солишдан озод этилган даромадлари расшифровкаси” (йилда бир марта тақдим этилади) 01, 02, 03 ва 035-сатрлар бўйича.

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.