Саволнинг ID си: 2948
Корхонамиз ЯСТ тўловчиси ҳисобланади (ХХТУТ коди - 61110), корхона 2013 йилда Хитойдан “ПЭ қувурлар ишлаб чиқариш экструзион линияси”ни сотиб олди. ТИФ ТН бўйича коди - 8477200000, чиқарилган санаси – 2013 йил, нархи -115,0 млн.сўм. 2014 йил якунлари бўйича фаолиятимизнинг 90 фоизини ишлаб чиқариш ташкил қилди.
Агар 2014 йилда ишлаб чиқариш фаолияти 90 фоизни ташкил қилган ҳамда солиқ солиш базасини камайтириш амалга оширилмаган бўлса, корхона 2013 йилда сотиб олган импорт ускунаси бўйича 2015 йилда ЯСТ бўйича солиқ солиш базасини 25 фоизга камайтириши мумкинми?
Экспертларнинг жавоблари:

Мазкур саволга жавоб ускунангизни фойдаланишга топшириш санасига боғлиқ.

СКнинг 356-моддасига мувофиқ ЯСТ бўйича солиқ солинадиган база янги технологик асбоб-ускуналар олишга йўналтирилган маблағлар суммасига камайтирилади, бироқ солиқ солинадиган базанинг кўпи билан 25 фоизига. Солиқ солинадиган базани камайтириш янги технологик асбоб-ускуналарни фойдаланишга топширилган пайтдан бошлаб беш йил ичида амалга оширилади.

Ишлаб чиқаришни модернизациялаш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш, ишлаб чиқаришни янги қурилиш шаклида кенгайтириш, ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун фойдаланиладиган  бинолар ва иншоотларни реконструкция қилишни амалга оширувчи хўжалик юритувчи субъектлар томонидан имтиёзларни қўллаш тартиби тўғрисида Низомга асосан (АВ томонидан 11.06.2007 йилда 1688-сон билан рўйхатга олинган)  чиқарилган санадан бошлаб уч йилдан ошмаган технологик жиҳоз янги технологик жиҳоз жумласига киради.

“ПЭ қувурлар ишлаб чиқариш экструзион линияси” (ТИФ ТН бўйича коди – 8477200000) - Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб киришда импорт божхона божи ва қўшилган қиймат солиғидан озод қилинадиган технологик жиҳозлар Рўйхатига киради (АВ томонидан 20.03.2013 йилда 2436-сон билан рўйхатга олинган).

Бинобарин, ускуна технологик жиҳозлар жумласига киради. Модомики чиқарилган санадан бошлаб уч йилдан ошмаган экан, у янги ҳисобланади. Яъни, сиз ушбу ускунани сотиб олишга йўналтирилган маблағлар суммасига солиқ солиш базасини камайтириш ҳуқуқига эгасиз.

Агар ускуна фойдаланишга 2014 йилда топширилган бўлса, у ҳолда сиз ЯСТ бўйича аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи топширишингиз ҳамда ЯСТ Ҳисоб-китобига 5-иловани тўлдиришингиз лозим. Аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи асосида сиз 2014 йил учун тўланиши лозим бўлган ЯСТ суммасини камайтиришингиз мумкин бўлади. Агар янги технологик асбоб-ускуна харид қилиш учун сарфланган маблағлар суммаси солиқ солиш базасининг 25 фоизидан ошиқ бўлса, у ҳолда  қолган сумма кейинги солиқ даврларида солиқ солиш базасини камайтиради (4 йилдан кўп эмас).

Шуни қайд қилиш лозимки, солиқлар ва тўловлар суммасининг камайишини назарда тутувчи аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини фақат молия-хўжалик фаолияти текшируви доирасида текшириш ўтказилмаган давр учун топшириш мумкин (ЎзР СКнинг 46-моддаси).

Агар ускуна 2015 йилда фойдаланишга топширилган бўлса, у ҳолда ЯСТ бўйича солиқ солиш базасини камайтириш ва тегишинча бу камайишни ЯСТ бўйича солиқ ҳисоботида акс эттиришни 2015 йилда амалга ошириш керак.

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.