Саволнинг ID си: 3077
Меҳнат кодекснинг 134-моддаси ва локал хужжатлар талабларидан келиб чиққан холда ходимларга 15 иш кунидан кам бўлмаган йиллик асосий ва 9 иш кунидан кам бўлмаган муддат билан ҳақ тўланадиган қўшимча таътил берилиши белгиланган (жами 24 иш куни). Юқоридаги асосларга кўра, иш йили давомида таътилларни ходим 4 марта 3 кунлик ва 1 марта 12 кунлик қисмга бўлиб олиши мумкин ёки мумкин эмаслиги тўғрисида илмий шарх олинишида амалий ёрдам кўрсатишингизни сўраймиз.
Иш йили давомида таътилларни ходим 4 марта 3 кунлик ва 1 марта 12 кунлик қисмга бўлиб олиши мумкин ёки мумкин эмаслиги тўғрисида илмий шарх олинишида амалий ёрдам кўрсатишингизни сўраймиз
Экспертларнинг жавоблари:

Таътилни қисмларга бўлиш Меҳнат кодексининг 146-моддасида назарда тутилган*.

Унга биноан ходимнинг хоҳишига кўра унинг ёзма аризаси асосида таътилни қисмларга бўлишга йўл қўйилади.

Бироқ ходимнинг ушбу ташаббусига иш берувчининг розилиги олиниши керак. Таътилдан қисмларга бўлиб фойдаланиш масаласи олдиндан (календарь йилда йиллик таътиллар бериш навбатлилиги жадвали тузилаётганда) ёки ходимга йиллик таътил бериш олдидан ҳал қилиниши мумкин.

Кодексда белгиланишича, таътил қисмларга бўлинганда таътилнинг бир қисми (бўлинмас қисми) 12 иш кунидан кам бўлмаслиги лозим, қолган таътил эса ходимнинг хоҳишига кўра кам муддатли қисмлар билан берилиши мумкин. Шу сабабли 24 иш кунилик таътил қуйидагича бўлиниши мумкин.

Масалан: 12 + 12 (2 мартага);

                   4 + 4 + 4+12 (4 мартага);

                   3 + 3 + 3 + 3+12 (5 мартага) ва ҳоказо.

Тақдим этиладиган қисмларнинг исталган бирортаси таътил муддатига кириши боис, уларнинг ҳар бири иш берувчининг алоҳида ёзма буйруғи (фармойиши) билан расмийлаштирилиши керак. Бунда таътилнинг ҳар бир қисмига ходимга таътил берилиши тўғрисида хат-ҳисоб-китоб расмийлаштирилиши керак.

Кадрлар хизмати мутахассислари амалдаги қонун ҳужжатлари билан, ҳатто агар ходим таътилни бир иш кунига олса ҳам, таътил бериш таомили учун белгиланган барча қоидаларни ёдда тутишлари ва уларга риоя қилишлари лозим.

 

*) Таътилни қисмларга бўлиш мумкинлиги Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган Халқаро меҳнат ташкилотининг Ҳақ тўланадиган таътиллар тўғрисидаги 132-сон конвенциясида (Женева, 24.06.1970 йил; 1973 йил 30 июндан кучга кирган) ҳам назарда тутилган.

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.