Саволнинг ID си: 3270
Тошкент шаҳридаги Олий ўқув юртларидан бирида 1-ставкада ишлаётган профессор, бир вақтнинг ўзида бошқа вилоятдаги Олий ўқув юртида 0,5 ставкада ўриндош бўлиб ишлаши мумкинми? Ўриндош бўлиб ишлашда иш ўринлари ўртасидаги масофада чегара борми?
Экспертларнинг жавоблари:

Ўриндошлик асосида ишлаш деганда - ходимнинг ўзининг асосий ишини бажаришидан ташқари асосий ишидан бўш вақтида меҳнат шартномаси асосида бошқа ҳақ тўланадиган ишни бажариши, деб хисобланади (ВМ 2012 йил 18 октябрдаги 297-сон Қарори билан тасдиқланган "Ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касбда ва лавозимда ишлаш тартиби тўғрисида"ги Низомнинг 2-банди, кейинги ўринларда – Низом деб аталади).

 Ходим билан ўриндошлик асосида ишлаш учун тузиладиган меҳнат шартномасида Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексида белгиланган талаблар билан биргаликда иш вақтининг давомийлиги мажбурий тартибда кўрсатилади ва бу вақт ишлаб берилиши зарур. Чунки, иш берувчи ҳар бир ходимнинг ҳақиқатда ишлаган иш вақтини, шу жумладан иш вақтидан ташқари ишлаган вақтини ўз вақтида аниқ ҳисобга олиб бориши шарт. Ишлаб берилган вақт табел билан тасдиқланади (МКнинг 125-моддаси).

 Масалан, Олий ўқув юртлари ўқитувчилари (асосий иш жойида), бир кун дам олинадиган, олти кунлик иш ҳафтаси ва иш вақтининг муддати ҳафтасига ўттиз олти соатдан ошмайдиган қилиб белгиланади (МКнинг 115-,116-, 118-, 120-моддалари).

Ўриндошлик асосида ишлашнинг давомийлиги ходимларнинг ушбу тоифаси учун белгиланган иш вақти нормасининг яримидан ортиқ бўлиши мумкин эмас (Низомнинг 7-, 8- бандлари). Масалан, Ходимнинг асосий иш вақти 6 соат деб олсак, ўриндошликда эса иш вақти 3-соатдан ортиқ бўлиши мумкин эмас.  

Бу ҳолат ходимни асосий ва ўриндошлик ишида ўз вақтида бўлишини талаб қилади, чунки ходим ўз меҳнат вазифаларини ҳалол, виждонан бажариши, меҳнат интизомига риоя қилиши, иш берувчининг қонуний фармойишларини ўз вақтида ва аниқ бажариши шартлигини билдиради (МКнинг 176-моддаси).

Демак, асосий ва ўриндошлик шартларидаги ишларнинг орасидаги масофа, албатта юклатилган вазифаларни ўз вақтида ва ҳақиқатда бажарилишига сабаб бўлади.

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.