Саволнинг ID си: 3275
Корхонамиз масъулияти чекланган жамият шаклида ташкил қилинган бўлиб, автомобилларни газ билан тўлдириш компрессор станциялари орқали автомобилларга сиқилган газ(метан)ни накд пулга, пластик карта ва пул ўтказиш йўли билан сотади. Жамиятимиз метан газ сотиш фаолиятини бошлагунга қадар Ягона солиқ тўловини ер солиғининг уч бараваридан кам бўлмаган миқдорида тўлаб келган. Ер ажратиш тўғрисидаги ҳоким қарори қабул қилинганидан кейин туман ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими жамиятимизга ер солиғи ҳажмини ўлчаб берди ва далолатнома расмийлаштирди. Шундан сўнг биз ушбу ер ҳажмини ЯСТ учун базавий миқдорни ҳисоблашда инобатга олдик, АГТКСлари ҳар бир м3 газ учун Автогаз УКга 400 сўм миқдорида инвестиция устама ҳақи тўлаймиз.
1. Ўз балансида АГТКС (автомобилларни газ билан тўлдириш компрессор станцияси) мавжуд бўлган корхона учун ЯСТни ҳисоблаб чиқариш тартиби қандай? ЯСТ бўйича солиқ солинадиган базадан сиқилган газ ишлатганлик учун олинадиган солиқ ва инвестиция устама ҳақи чегириладими? Бунда пластик карталар қўлланган ҳолда тушган тушум 5 фоизга камайтириладими? 2. Агар корхонага ер солиғининг уч бараваридан кам бўлмаган миқдорида ЯСТ тўлаш тартиби татбиқ этилса, ЯСТ энг кам миқдорининг Маълумотнома-ҳисоб-китобига қайси пайтдан эътиборан ўзгартиришлар киритилади?
Экспертларнинг жавоблари:

Корхонангиз “Махсус инвестиция устама ҳақини «Ўзбекнефтгаз» МХКнинг махсус счётига ўтказиш тартиби тўғрисидаги” Низомга асосан (Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитасининг 2013 йил 12 мартдаги 26, 25, 2013-12-сон қарори билан тасдиқланган, АВ томонидан 2013 йил 12 апрелда 2451-сон билан рўйхатга олинган Низом) барча турдаги солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ўрнатилган тартибда тўлайди. Бунда ягона солиқ тўловини тушумдан транспорт воситалари учун сиқилган газни ишлатганлик учун олинадиган солиқни чегирган ҳолда тўлайди.

Махсус инвестиция устама ҳақи — миқдори Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари билан тасдиқланадиган, табиий газ етказиб берувчи томонидан автомобилларни газ билан тўлдириш компрессор станцияларига сотиладиган табиий газнинг улгуржи-сотиш нархига қўйиладиган устама бўлиб, ЯСТни ҳисоблаб чиқаришда солиқ солинадиган базадан чегирилмайди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 4 декабрдаги ПҚ-2270-сон қарорига 10-2-иловага асосан пластик карталар қўлланган ҳолда тушган тушум ҳажми бўйича ўрнатилган ставкалар 5 фоизга камайтирилади.

Агар корхонангизда Ягона солиқ тўловини ер солиғининг уч бараваридан кам бўлмаган миқдорида  тўлаш тартиби қўлланилса, Сиз Ягона солиқ тўловининг энг кам миқдори киритилиши муносабати билан ягона солиқ тўловини ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги Низомга (Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитасининг 2011 йил 2 февралдаги 5, 4, 2011-4-сон қарори билан тасдиқланган, АВ томонидан 2011 йил 3 мартда 2203-сон билан рўйхатга олинган Низом) амал қилишингиз лозим бўлади.

Қайси ер участкаларига бўлган мулк ҳуқуқи, эгалик қилиш ҳуқуқи, фойдаланиш ҳуқуқи ёки ижара ҳуқуқи йил мобайнида солиқ тўловчига ўтган бўлса, ўша ер участкалари ЯСТнинг энг кам миқдорини ҳисоблаб чиқаришда ер участкаларига тегишли ҳуқуқ вужудга келганидан (яъни кадастр ҳужжати расмийлаштирилган пайтдан эътиборан) кейинги ойдан эътиборан ҳисобга олинади (Низомнинг 5-банди).

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.