Саволнинг ID си: 3287
Қандай ҳолларда корхона раҳбари буйруқ ёки фармойиш беради? Бу иккаласининг фарқи нимада?
Экспертларнинг жавоблари:

Буйруқ - мазкур ҳуқуқий ҳужжат муайян муассаса томонидан асосий ва кундалик масалаларни ҳал қилиш мақсадида қўлланилади. Буйруқ учун қоғоз (бланка)лар  А4 ҳажмли (310*297) қоғозда тайёрланади. Моҳият – аҳамиятига кўра буйруқлар 2 га бўлинади: асосий фаолиятга оид ва кадрлар шахсий таркибига оид. Асосий фаолиятга оид буйруқлар ишни ташкил қилиш, муассаса ёки унинг бўлимлари фаолиятини тартибга солишда қўлланилади. Одатда, уларда  юқори ташкилотлардан келган кўрсатма ҳужжатлар ходимларга етказилади, буларнинг ижроси юзасидан аниқ чора-тадбирлар белгиланади, масъул шахслар ва бажариш муддати тайинланади. Буйруқ воситасида раҳбар ташкилотнинг ишлаб чиқариш, режалаштириш, ҳисобот, молиялаштириш, кредит ажратиш, маҳсулот сотиш фаолияти, ташқи иқтисодий фаолияти, ташкилот тузилмасини такомиллаштириш ва ишларни ташкил этиш ва бошқа масалалар бўйича амалий иш юритади.

Ички меҳнат тартиботи қоидалари, мукофотлаш, низом ва шу кабиларни тасдиқлаш билан боғлиқ меъёрий буйруқлар ҳам асосий фаолиятга оид буйруқлар сирасига киради. Буйруққа тегишли имзолар қўйилиб, у бланкага кўчирилгач, ташкилот раҳбари уни имзолайди. Раҳбар имзолаган буйруқ иш юритиш бўйича масъул ходим томонидан тегишли дафтарда қайд этилади. Буйруқнинг асосий матни асословчи (кириш) ва фармойиш қисмларидан таркиб топади. Асословчи (кириш) қисмида буйруқдан мақсад, шарт-шароит, сабаблар кўрсатилади, асос қилиб олинаётган буйруққа ҳавола қилинади (номи, рақами, санаси ёзилади). Буйруқнинг фармойиш қисми  янги сатрдан, бош ҳарфлар билан ёзилади “БУЮРАМАН” сўзи билан бошланади. Шу сўздан сўнг икки нуқта қўйилиб янги сатрда фармойишлар берилади. Фармойишларда одатда ким қандай  вазифани, қайси муддатда бажарилиши кўрсатилади. Буйруқнинг фармойиш қисми охирида буйруқни назорат қилиш кимга юклатилганлиги ҳам қайд қилиб қўйилади.

Кадрлар шахсий таркибига оид буйруқ ёки индивидуал буйруқлар бирор ходим ишга қабул қилинганда ёки бўшатилганда, бошқа бўлимга ўтказилганда, шунингдек, муайян ходим мукофотланганда, меҳнат таътилига чиққанда ва шу каби ҳолларда берилади.  Кўп корхоналарда кадрларни шахсий таркибига оид буйруқлар махсус бланкаларда ёзилади. Кадрлар шахсий таркибига оид буйруқлар махсус босма иш қоғозлари бўлмаган тақдирда оддий буйруқ қоғозига ҳам ёзилади.

Амалиётда асосий фаолиятга оид буйруқлардан кўчирма тайёрлашга эҳтиёж туғилади. Ҳужжатдан кўчирма - асл ҳужжатнинг муайян бир қисмидир. Буйруқдан кўчирма буйруқнинг фармойиш қисмидан олдинги ҳамма қисмларни қамраб олади.

Фармойиш - муассаса маъмурияти, шунингдек бўлимларининг раҳбарлари томонидан амалий масалалар юзасидан қабул қилинадиган ҳужжатдир. Одатда фармойишларнинг амал қилиш муддати чекланган бўлиб, бўлимларнинг тор доирасига, айрим мансабдор шахслар ва фуқароларга тааллуқли бўлади. Фармойиш матни худди буйруқдаги каби зарурий қисмлардан таркиб топади, фақат унинг асос (кириш) қисмида “БУЮРАМАН” сўзи ўрнига  “ТАВСИЯ ЭТАМАН”, “РУХСАТ БЕРАМАН” каби иборалар ишлатилади.

Ташкилий ҳужжатлар мазмунан ташкилот, муассаса ва корхоналарнинг ҳуқуқий мақоми, таркибий тармоқлари ва ходимлари, бошқарув жараёнида жамоа иштирокининг қайд қилиниши, бошқа ташкилотлар билан алоқаларнинг ҳуқуқий мақомлари каби масалаларни акс эттиради. Ташкилий ҳужжатларга гувоҳнома, йўриқнома, низом, қоида, устав, шартномалар ва шу каби ҳужжатлар киради.

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.