Саволнинг ID си: 5244
Корхонанинг асосий фаолият тури ишлаб чиқариш ҳисобланади (ХХТУТ 17371). 2014 йилда 100,0 млн. сўм миқдорида ягона солиқ тўлови бўйича солиқ солинадиган база ҳисобга олинмаган. Хато 2015 йилда аниқланди. Корхона ўзининг ҳисоб сиёсатида жиддий хато миқдорини 25.0 млн.сўм доирасида белгилаган.
Бухгалтерия ҳисобида муҳим ва муҳим бўлмаган хатолар қандай тўғирланади? Бу ҳолатда аниқлаштирилган солиқ ва молиявий ҳисоботларни топшириш керакми?
Экспертларнинг жавоблари:

 3-сон БҲМС “Молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисобот”нинг 16-бандига мувофиқ  олдинги даврлардаги молиявий ҳисоботларни тайёрлаш чоғида йўл қўйилган xатоларга киритилган тузатиш миқдори (қиймати) ҳисобот давридаги соф даромад ёки зарарга қўшилади.

Жорий ҳамда ўтган йил ҳисобот маълумотларидаги (улар тасдиқланганидан кейин) тузатишлар унинг маълумотлари бузилгани аниқланган ҳисобот даври учун тузилган молиявий ҳисоботда амалга оширилади. Бунда тузатишлар ҳисобот даври (чорак, йил бошидан) учун маълумотларга киритилади. Молиявий ҳисобот шаклларини тўлдириш бўйича қоидаларнинг 15-бандига биноан ўтган даврда йўл қўйилган фундаментал (муҳим) хатоларни тузатиш суммаси молиявий ҳисоботда йил бошидаги тақсимланмаган фойда сальдосини ўзгартириш йўли билан акс эттирилиши мумкин. Бундан ташқари, активлар, мажбуриятлар ва хусусий капиталнинг бошқа моддаларига тегишли тузатишлар киритилади. Масалан, 2015 йилда 2014 йил учун ҳисобварақ-фактура бўйича кўрсатилган хизматлар суммаси бухгалтерия ҳисобида акс эттирилганидан кўп эканлиги аниқланди. Башарти аниқланган даромад суммаси муҳим бўлса, сальдо 2015 йил бошида бухгалтерия балансининг 450-"Тақсимланмаган фойда (қопланмаган зарар) (8700)" сатрида кўпаяди (1-сон шакл). Қўшимча даромад аниқланиши муносабати билан солиқларнинг қўшимча ёзилиши 450-"Тақсимланмаган фойда (қопланмаган зарар) (8700)" сатри бўйича сальдонинг камайишига ва 680-"Бюджетга тўловлар бўйича қарз (6400)" сатри бўйича сальдонинг кўпайишига (қўшимча ҳисобланган солиқлар суммасига) олиб келади. Сальдонинг ўзгариши сабабларини албатта йиллик молиявий ҳисоботга тушунтириш хатида акс эттириш лозим. 

Эслатиб ўтамиз, фундаментал (жиддий) хатолар жорий даврда аниқланган хатолар бўлиб, улар шу қадар муҳим бўладики, олдинги даврлар учун тузилган молиявий ҳисоботлар ишончли деб ҳисобланмаслиги мумкин (3-сон БҲМСнинг 5-банди). Хатонинг муҳимлиги (салмоқлилиги) мезонини корхонанинг ҳисоб сиёсатида белгилаш мақсадга мувофиқдир.

Солиқ кодексининг 31-моддасида белгиланишича, солиқ тўловчилар солиқ солиш объектини ҳисобга олишда, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаб чиқариш ҳамда тўлашда ўзлари йўл қўйган хатоларни мустақил равишда тузатиш ҳуқуқига эга. СКнинг 46-моддасига мувофиқ, солиқ органларига солиқ ҳисоботи тақдим этилган даврга тааллуқли хатоларни ўзи мустақил равишда аниқлаган солиқ тўловчи солиқ мажбурияти бўйича даъво қилиш муддати ичида (СКнинг 38-моддасига кўра 5 йил) ўша давр юзасидан аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этиш ҳуқуқига эга. 2014 йил учун даромадларга тузатиш киритилаётганда қуйидагиларни ҳисобга олиш лозим:

-хатонинг муҳимлиги (салмоқлилиги);

 -солиқ органлари 2014 йил учун молия-хўжалик фаолиятини текширганми;

 -аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини топшириш солиқларнинг камайиши ёки кўпайишини назарда тутганми.

Агар аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи бўйича ҳисоблаб чиқарилган солиқ ёки бошқа мажбурий тўлов суммаси илгари тақдим этилган солиқ ҳисоботи бўйича ҳисоблаб чиқарилган ва тўланган уларнинг суммасидан ортиқ бўлса, тегишли солиқ ёки тўловни тўлаш бўйича солиқ мажбуриятларига пеня ҳисобланган ҳолда мазкур тафовут қўшилади.

Агар аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи бўйича ҳисоблаб чиқарилган солиқ ёки бошқа мажбурий тўлов суммаси илгари тақдим этилган ҳисобот бўйича ҳисоблаб чиқарилган ва тўланган суммадан кам бўлса, аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи тақдим этилган кундан эътиборан шахсий варақада солиқ ёки тўлов суммаси тафовут миқдорига камайтирилганлиги акс эттирилади. Ортиқча тўланган суммалар СКнинг 10-бобида белгиланган тартибда ҳисобга олинади ёки қайтарилади.

Солиқ тўловчи солиқ текшируви ўтказилгунига қадар хатони ўзи тузатган тақдирда жавобгарликдан озод этилади, пеня тўлаш бундан мустасно (СКнинг 109-моддаси). Унинг миқдори СКнинг 120-моддаси ҳамда Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларга пеня ҳисоблаш тартиби тўғрисида низомга мувофиқ белгиланади.

2014 йил учун бухгалтерия ҳисоби маълумотлари билан бошланғич ҳужжатлар (ҳисобварақ-фактуралар) ўртасидаги аниқланган тафовутлар суммалари 2014 йилда қуйидаги бухгалтерия ёзувлари билан акс эттирилади:

аниқланган даромадлар суммасида:

дебет 4010-"Харидорлар ва буюртмачилардан олинадиган счётлар"

кредит 9010 (9020,9030)-" Тайёр маҳсулотларни, товар(иш, хизмат)ларни сотишдан даромадлар ";

Харидорлар ва буюртмачиларга сотилган маҳсулотлар, товарлар, бажарилган ишлар, кўрсатилган хизматлар учун ҳисоб-китоб ҳужжатлари тақдим этилганда олинган бўнакларни ҳисобга олиш

дебет 6310-"Харидорлар ва буюртмачилардан олинган бўнаклар "

кредит 4010-"Харидорлар ва буюртмачилардан олинадиган счётлар".

Тафовутлар суммаларига буюртмачилар билан ўзаро ҳисоб-китобларни солиштириш далолатномаларини расмийлаштириш ва тегишли тарзда ҳосил бўлган қарзни (дебиторлик ҳамда кредиторлик қарзларини) сўндириш мақсадга мувофиқдир.

Фойдадан бюджетга ҳисобланган тўловлар (масалан ЯСТ):

дебет 9820 “Фойдадан ҳисобланган бошқа солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича харажатлар”

кредит 6410 “Бюджетга тўловлар бўйича қарз (турлари бўйича)”.

Агар сумма муҳим бўлмаса, у ҳолда 2014 йил учун бухгалтерия ҳисоби маълумотлари билан бошланғич ҳужжатлар (ҳисобварақ-фактуралар) ўртасидаги аниқланган тафовутлар суммалари 2015 йилда қуйидаги бухгалтерия ёзувлари билан акс эттирилади

аниқланган даромадлар суммасида:

дебет 4010-"Харидорлар ва буюртмачилардан олинадиган счётлар"

кредит 9340-"Ўтган йиллар фойдалари";

даромадларнинг аниқланган оширилиши суммасида:

дебет 9430-"Бошқа операцион харажатлар"

кредит 4010-"Харидорлар ва буюртмачилардан олинадиган счётлар".

қўшимча ҳисобланган солиқ суммасида (масалан ЯСТ):

дебет 9820 “Фойдадан ҳисобланган бошқа солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича харажатлар”

кредит 6410 “Бюджетга тўловлар бўйича қарз (турлари бўйича)”.

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.