Саволнинг ID си: 5554
Корхонанинг асосий фаолият тури – транспорт хизматлари кўрсатиш (йўловчиларни ташиш), тегишли гувоҳнома, шунингдек шаҳарда ва шаҳар атрофида йўловчиларни ташиш учун Автомобиль ва дарё транспорти агентлигининг лицензиясига эга. Ушбу ҳужжатлар асосида Термиз шаҳри ҳудудида алоҳида йўналиш бўйича йўловчиларни ташиш бўйича хизматлар кўрсатиляпти. 2011 йилда корхона банк орқали лизинг шартномаси асосида “Исузу” автобусларини сотиб олди. Лизинг шартномасига асосан “Ҳамкорбанк”нинг Термиз филиали лизинг берувчи ҳисобланади, автобуслар унинг балансида. Лизинг шартномаси шартларига кўра тўловлар тўлиқ амалга оширилгандан кейин зарур ҳужжатлар расмийлаштирилган ҳолда автобуслар корхона балансига топширилиши керак. Корхона тўловларни тўлиқ амалга оширди. Автобусларни корхонага расмийлаштиришда ЙҲХБ ходимлари Республика йўл жамғармасига йиғим тўлашни талаб қилишаётир.
Йўловчиларни ташиш асосий фаолият тури ҳисобланадиган транспорт корхонаси Республика йўл жамғармасига йиғим тўлашдан озод қилиш бўйича имтиёзни қўллаши мумкинми?
Экспертларнинг жавоблари:

Бизнинг фикримизча, Сиз Республика йўл жамғармасига автотранспорт воситаларини олиш учун йиғимни тўламаслигингиз керак, агар олинаётган асосий восита йўловчиларни ташиш учун  йўналишли автобус сифатида фойдаланилаётган бўлса (рейсли ташишлар).

 Чунки лизингга берувчиларлар автотранспорт воситасини олиш учун йиғим тўлашмайди, агарда автотранспорт воситасини юридик шахсларга – асосий фаолият тури йўловчиларни ташиш бўлган, қонунга кўра ўрнатилган намунадаги йўловчиларни ташишга лицензияси бўлган  автомобиль транспорти ташкилотларига йўловчиларни ташувчи транспорт воситасини (енгил ва йўналишли таксидан ташқари) лизингга бериш учун олишса.

Ўзбекистон Республикасида йўловчилар айланмасини ва  умумий  фойдаланиладиган  автомобиль  ва  электр транспортида шаҳарда, шаҳар атрофида, шаҳарлараро, халқаро йўналишларда ҳамда соатлар бўйича ташилган йўловчилар сонини аниқлаш тартиби тўғрисидаги Низомга мувофиқ (ВМ 17.09.2012 й. 273-сон қарорига 1-илова) , йўналишли такси - бу йўловчилар талабига кўра тўхтаган ҳолда мунтазам йўналишларда йўловчилар ташиш учун мўлжалланган автотранспорт воситаси (автобус ёки енгил автомобиль),           

Шу тариқа, агар автобус йўловчилар ташиш учун  йўналишли такси сифатида олинган бўлса, автотранспорт воситалари лизингга бериш учун олинганда йиғим тарафларнинг ёзма келишувига кўра лизинг берувчидан ёки лизинг олувчидан ундирилади. Лизинг шартномаси муддати тугаганидан сўнг мазкур лизинг (иккиламчи лизинг) шартномаси предмети бўлган автотранспорт воситаси қайта рўйхатдан ўтказилаётганида такроран йиғим ундирилмайди (ЎзР СК 325-моддаси)

СКнинг 324-моддаси 4-бандида фаолиятининг асосий тури йўловчилар ташиш бўлган, қонун ҳужжатларига мувофиқ йўловчилар ташиш учун белгиланган намунадаги лицензияга эга бўлган автотранспорт корхоналари - йўловчилар ташишни амалга оширувчи транспорт воситалари бўйича (енгил автомобиллар ва йўналишли таксилардан ташқари) автотранспорт воситаларини олиш ва (ёки) ЎзР ҳудудига вақтинчалик олиб кириш учун йиғимни тўлашдан озод қилиниши белгиланган.

Автомобиль транспортида йўловчиларни ҳамда юкларни шаҳарда, шаҳар атрофида, шаҳарлараро ва халқаро йўналишлар бўйича ташиш фаолиятини лицензиялаш тўғрисида низомга (ВМнинг 14.07.2006 йилдаги 138-сон қарорига 1-илова) мувофиқ йўловчилар ва юкларни шаҳарда, шаҳар атрофида ташишлар бўйича (Тошкент шаҳрида ва Тошкент вилояти шаҳарларида йўловчиларни ташиш бундан мустасно) лицензия Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлигининг ҳудудий бўлимлари томонидан берилади. Лицензия 5 йил муддатга берилади.  Лицензиянинг амал қилиши лицензия берилган кундан бошлаб ҳисобланади. Лицензия билан бирга ҳар бир автотранспорт воситасига лицензия карточкаси берилади. лицензия талабгорининг аризасига кўра автотранспорт воситалари ҳаракатдаги таркиби кўпайган тақдирда мавжуд лицензия асосида  қўшимча лицензия карточкалари  берилади (Низомнинг 8-банди).

Шундай қилиб, башарти корхонанинг асосий фаолият тури йўловчиларни ташиш бўлса,  шунингдек йўловчиларни ташиш учун Низомга мувофиқ берилган лицензия мавжуд бўлганда ҳамда сотиб олинган автобусларга расмийлаштирилган лицензия карточкалари мавжуд бўлган тақдирда сиз автотранспорт воситаларини олиш ва (ёки) ЎзР ҳудудига вақтинчалик олиб кириш учун йиғимни тўлашдан озод қилиш бўйича юқорида кўрсатилган имтиёздан фойдаланишга ҳақлисиз.

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.