Саволнинг ID си: 5580
Чакана савдо фаолияти (ХХТУТ 71250) билан шуғулланадиган корхонанинг 2015 йил учун умумий тушумида чакана савдодан тушум 75%ни, Paynet хизматлари кўрсатишдан тушум 25%ни ташкил қилади. АВ томонидан 04.04.2013 йилда 2449-сон билан рўйхатдан ўтказилган “Ягона солиқ тўловининг энг кам миқдори киритилиши муносабати билан чакана савдо корхоналари томонидан ягона солиқ тўловини ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги низомнинг 1-бандига асосан корхона ҳар чоракда 30 ЭКИҲ миқдорида ЯСТ тўлайди.
Агар чакана савдо (75%) ва Paynet хизматлари (25 %) билан шуғулланувчи корхона чакана савдо корхонаси сифатида ҳар чоракда 30 ЭКИҲ миқдорида ЯСТнинг энг кам миқдорини тўлаётган бўлса, Paynet хизматларидан олинган тушумдан алоҳида солиқ тўлаб, ушбу хизматлар бўйича ҳисобот тақдим қилиши керакми?
Экспертларнинг жавоблари:

СКнинг 353-моддасига кўра, агар сиз турли солиқ солиш объектлари ва (ёки) ягона солиқ тўлови ставкалари белгиланган бир неча фаолият турлари билан шуғуллансангиз, сиз улар бўйича алоҳида-алоҳида ҳисоб юритишингиз ҳамда солиқ тўловчиларнинг тегишли тоифалари учун белгиланган ставкалар бўйича ЯСТни тўлашингиз керак.

Қайд қиламизки, воситачилик, топшириқ шартномаси ва воситачилик хизматлари кўрсатишга оид бошқа шартномалар бўйича воситачилик хизматлари кўрсатадиган корхоналар учун кўрсатилган хизматлар учун ҳақ суммаси тушум ҳисобланади (Солиқ кодексининг 355-моддаси, кейинги ўринларда – СК). Модомики Paynet тизими орқали аҳолидан тўловлар қабул қилиш бўйича хизматлар кўрсатиш воситачилик фаолияти ҳисобланар экан, олинган ҳақ суммаси тушум ҳисобланади.

Солиқ органларига битта ягона солиқ тўлови бўйича Ҳисоб-китоб умумий тушум бўйича фаолият турларига бўлинган ҳолда  (010 сатр) – сизнинг ҳолатингизда ҳисобот коди 108, тақдим қилинади, чунки сиз савдо корхоналари жумласига кирасиз.

ЯСТни ҳисоблашда қуйидагиларни эътиборга олиш лозим:

-агар корхонада ўтган ҳисобот йили якунлари бўйича савдо фаолияти умумий реализация ҳажмида устунлик қилса, корхона савдо корхонаси ҳисобланади ҳамда  ходимларнинг сонидан қатъи назар ҳисобот йилида ЯСТ тўловчи ҳисобланади (СКнинг 350, 352-моддалари).

Энг кам миқдорини (қатъий белгиланган солиқ ёки ер солиғининг уч карра миқдоридаги  сумма) ҳисобга олган ҳолда ЯСТни тўлаш мақсадида бир неча фаолият турларини амалга оширадиган корхоналар томонидан асосий фаолият тури ҳар ҳисобот чораги учун аниқланади. Яъни ЯСТнинг энг кам миқдорини аниқлашда асосий фаолият тури ўсиб бормайдиган якун бўйича аниқланади.

Агар ҳисобот чораги якунлари бўйича корхонанинг асосий фаолият тури чакана савдо бўлса, у ҳолда ҳисобот даври учун  ЯСТнинг энг кам миқдори чакана савдо бўйича якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан тўланадиган қатъий белгиланган солиқ суммасидан келиб чиқиб ҳисоблаб чиқарилади (АВ томонидан 04.04.2013 йилда 2449-сон билан рўйхатдан ўтказилган “Ягона солиқ тўловининг энг кам миқдори киритилиши муносабати билан чакана савдо корхоналари томонидан ягона солиқ тўловини ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги низом). Агарда воситачилик хизматларидан олинган тушум улуши устунлик қилса, у ҳолда корхона эгаллаб турган ер участкаси майдонига боғлиқ ҳолда ҳисоблаб чиқариладиган  ер солиғининг уч карра миқдоридаги суммадан келиб чиқиб ҳисобланади (АВ томонидан 3.03.2011 йилда 2203-сон билан рўйхатдан ўтказилган Ягона солиқ тўловининг энг кам миқдори киритилиши муносабати билан ягона солиқ тўловини ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низом).

ЯСТнинг энг кам миқдори киритилишини ҳисобга олган ҳолда ЯСТнинг тўланиши лозим бўлган суммасини аниқлаш учун тўловчилар қуйидагиларни ҳисоблаб чиқарадилар:

-ЯСТнинг энг кам миқдорини;

-ЯСТнинг ҳисоб-китоб суммасини;

-ЯСТнинг қўшимча ҳисобланган суммасини.

ЯСТнинг ҳисоблаб ёзилган суммасини ЯСТнинг энг кам миқдори билан таққослаш учун ягона солиқ тўловининг энг кам миқдори киритилиши муносабати билан ЯСТнинг ҳисоб-китоб суммаси бутун чакана савдо корхонаси бўйича Маълумотнома-ҳисоб-китоб асосида аниқланади. ЯСТнинг ҳисоб-китоб суммаси ЯСТнинг энг кам миқдори суммасидан кам бўлган тақдирда ЯСТнинг энг кам миқдори суммасининг ЯСТ ҳисоб-китоб суммасидан ортган қисмига ЯСТ суммаси қўшимча ҳисобланади.

Агар ЯСТ ҳисоб-китоб суммаси ЯСТнинг энг кам миқдоридан ошса ёки унга тенг бўлса, унда ЯСТ қўшимча ҳисобланмайди ва ЯСТ Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексида белгиланган тартибда тўланиши лозим, яъни ЯСТ ҳисоб-китоби бўйича ҳисобланган сумма тўланади.

2016 йил учун ЯСТ ставкалари Президентнинг 22.12.2015 йилдаги ПҚ-2455-сон Қарорига 10-1 ва 10-2-иловаларида белгиланган. Воситачилик, топшириқ шартномаси ва воситачилик хизматлари кўрсатишга оид бошқа шартномалар бўйича воситачилик хизматлари кўрсатадиган корхоналар учун ЯСТ ставкаси 33%, чакана савдо корхоналари учун  - жойлашган жойига боғлиқ ҳолда 4,2,1% миқдорида белгиланган.

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.