Ҳақиқатан, СКнинг 179-моддаси 31-бандига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси олий ўқув юртларида таълим олиш учун (ўзининг ўқиши ёки йигирма олти ёшга тўлмаган фарзандларининг ўқиши учун) йўналтириладиган фуқароларнинг солиқ солинадиган иш ҳақи ва бошқа даромадларининг суммаларига ЖШДС бўйича имтиёз тақдим қилинган.
Имтиёзни қўллаш тартиби “Ўзбекистон Республикаси олий ўқув юртларида таълим олиш учун йўналтириладиган маблағларга жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича имтиёзни қўллаш тартиби тўғрисидаги низом”да (МВ, ДСҚнинг Қарори, АВ томонидан 27.05.2010 йилда 2107-сон билан рўйхатдан ўтказилган, кейинги ўринларда - 2107-сон Низом) кўзда тутилган.
Савол матнига баҳо берсак, асосий иш жойи бўйича ЖШДС бўйича имтиёз қўлланмаган ҳамда ходим солиқ хизмати органларига даромадлари тўғрисида Декларация топшириб, уни олмоқчи бўлган.
Низомнинг 14-бандида кўзда тутилишича:
Жисмоний шахсга тўлов манбаида солиқ чегирмаси тақдим этилмаган ҳолда, солиқ чегирмаси ушбу Низомнинг III бобида назарда тутилган тартибда жисмоний шахснинг жами йиллик даромади тўғрисидаги декларацияси асосида тақдим этилиши мумкин.
Низомнинг III боби жисмоний шахснинг жами йиллик даромади тўғрисидаги декларацияни топшириш асосида солиқ чегирмасини тақдим этиш тартибини белгилайди.
Якун чиқарамиз:
Агар Низомга мувофиқ имтиёз олиш шартлари бажарилган бўлса, у ҳолда ходимингиз контракт бўйича тўловни амалга оширган юридик шахсда ҳам, жисмоний шахснинг жами йиллик даромади тўғрисидаги декларацияни топширишда ҳам солиқ чегирмасини олишга ҳақли.
Эслатиб ўтамиз, жисмоний шахснинг жами йиллик даромади тўғрисидаги декларация ДСИга почта орқали буюртма хат шаклида юборилиши (СКнинг 191-моддаси) ёки интернет ресурслардан фойдаланилиши мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.