Саволнинг ID си: 5889
2014 йил учун менинг йиллик даромадим 7 981 608,25 сўмни, йил учун даромад солиғи 786 921,8 сўмни ташкил қилди. Ташкилот фарзандимнинг ОЎЮда ўқиши учун кейинчалик иш ҳақидан чегириб қолиш билан 5 865 980 сўм миқдорида тўловни амалга оширди. Мен қисман 2 337 322.06 сўм миқдоридаги суммани қопладим.
Агар мен ишлаётган ташкилот фарзандимнинг ОЎЮда ўқиши учун ҳақ тўлаган бўлса, 2014 йил учун “Жисмоний шахсларнинг даромадлари тўғрисидаги декларация”ни топширганимдан кейин менга даромад солиғи бўйича қандай суммани қайтаришлари мумкин?
Экспертларнинг жавоблари:

Ўзбекистон Республикаси олий ўқув юртларида таълим олиш учун йўналтириладиган фуқароларнинг солиқ солинадиган иш ҳақи ва бошқа даромадлари суммаларига солиқ солинмайди (СКнинг 179-моддаси 31-банди).

Мазкур имтиёзни қўллаш тартиби “Ўзбекистон Республикаси олий ўқув юртларида таълим олиш учун йўналтириладиган маблағларга жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича имтиёзни қўллаш тартиби тўғрисидаги низом” (АВ томонидан 27.05.2010 йилда 2107-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан тартибга солинади.

26 ёшгача бўлган фарзандларининг ўқиши учун тўловни амалга оширадиган ота-оналар, шунингдек ёшга доир чекловларсиз таълим олаётганнинг ўзи ҳам солиқ чегирмаси ҳуқуқига эга.

Солиқ чегирмаси ҳам даромад олиш жойи бўйича – тўлов манбаида, ҳам жами йиллик даромадни декларациялашда олиниши мумкин.

Солиқ чегирмасини қўллаш учун декларация билан бирга ДСИга қуйидагилар тақдим қилинади:

-талаба билан Ўзбекистон олий ўқув юрти ўртасида тўловли-контракт асосида ўқитиш тўғрисида тузилган шартнома  нусхаси;

-тижорат банки билан таълим кредитини олиш учун тузилган шартнома  нусхаси;

-ОЎЮ ҳисобварағига пул маблағлари тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар нусхалари;

-ота-онасининг паспорти ва таълим олувчининг  туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаси нусхаси;

-СТИР нусхалари;

-солиқ чегирмаси ҳуқуқига эга бошқа жисмоний шахслар томонидан имтиёз қўлланганлиги ёки қўлланмаганлиги тўғрисида маълумотнома – имтиёз ҳуқуқига эга бўлганлар турли солиқ инспекцияларида ҳисобга қўйилган тақдирда.

Солиқ чегирмаси жисмоний шахснинг жами йиллик даромади баён қилинган доирада ОЎЮда ўқиш учун тўланган ҳақ бўйича харажатлар суммасига тақдим қилинади.

Модомики, сиз ишлайдиган ташкилотда ЖШДСни ҳисоблаб чиқаришда солиқ чегирмаси қўлланмаган экан, сиз уни декларациялашда қўллаш ҳуқуқига эгасиз.

Сизнинг жами йиллик даромадингиз ўқиш учун тўланган суммадан ошади ҳамда солиқ чегирмаси ўқишнинг бутун суммасига амалга оширилиши мумкин.

2014 йил якунлари бўйича солиқ солинадиган даромад 2 115 628,25 (7 981 608,25 – 5 865 980) сўмни ташкил қилади.

Шу суммага шкала бўйича ҳисоблаб ёзилган солиқ 158 672,12 сўм (2 115 628,25 * 7,5%), шу жумладан ШЖБПҲ 21 156,28 (2 115 628,25*1%) сўм ва бюджетга тўланиши лозим бўлган сумма 137 515,84 (158 672,12 - 21 156,28) сўмни ташкил қилади.

Аввал жами даромаддан 786 921,8 сўм миқдорида солиқ, шу жумладан ШЖБПҲ 79 816,08 (7 981 608,25*1%) сўм ва бюджетга тўланиши лозим бўлган сумма 707 105,72 (786 921,8-79 816,08) сўм ушлаб қолинган.

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.