Саволнинг ID си: 6018
Корхона фоизсиз ҳам юридик, ҳам юридик шахс бўлмаган якка тадбиркор ҳамда жисмоний шахсларга 2015 йилда 10,0 млн сўм қайтариб бериш шарти билан бир йиллик муддатга қарз берди. Молиявий ҳисоботларни топширди. Қарз ўз вақтида сўндирилди, бироқ, маълум бўлишича, фоизсиз қарз берилса ҳам солиқ оқибатлари юзага келар экан.
Ушбу ҳолатда қандай тузатиш бухгалтерия ёзувлари берилади? Хар иккала томоннинг солиқ оқибатлари қандай бўлади?
Экспертларнинг жавоблари:

Ушбу мавзу газетада кўп бора муҳокама қилинган. Фуқаролик кодекси билан фоизсиз қарз шартномаларини тузиш мумкинлиги белгиланган. Солиқ органлари томонидан фоизсиз қарз шартномалари беғараз кўрсатилган молиявий хизмат дея қаралади. Ташкилотдан пул маблағларининг чиқиб кетиши бирор даромад кўриш шарти билан амалга оширилиши лозим, яъни қарздан фоизлар шаклидаги даромад. Беғараз олинган мулкий ҳуқуқлар, шу жумладан қарз шартномаси бўйича мулкдан беғараз фойдаланилганда, даромад қиймати аниқланиб, солиққа тортилувчи базага киритилиши лозим.

Қарзга берувчида даромад ҳақиқатда пул маблағларидан фойдаланганлик учун фоизлар тўловини олсагина юзага келган бўлар эди. Қарз шартномалари фоизсиз бўлганлиги сабабли, қарз берувчида даромад юзага келмайди. Мос равишда, у ўз бухгалтерия ва солиқ ҳисобида даромад кўриш бўйича ҳеч қандай операцияни амалга оширмайди.

Ушбу ҳолатда даромад фоизсиз шартларда пул маблағларини олган қарз олувчида юзага келади.

Агар қарз олувчи якка тартибдаги тадбиркор бўлса, ушбу даромадлар бўйича унда солиқ мажбуриятлари юзага келмайди, чунки олинган даромаддан қатъий назар, у қатъий белгиланган солиқни тўлайди. Қатъий белгиланган солиқ солиқ тўловчининг календарь ойида ишлаган кунлари сонидан қатъи назар, тадбиркорлик фаолиятининг тури ва солиқ тўловчининг фаолиятни амалга ошириш жойига қараб белгиланган ставкалар бўйича тўланади (Солиқ кодексининг 375-моддаси).

Қарзлардан фоизсиз асосда фойдаланган жисмоний шахсларга келсак, улар учун Солиқ кодексининг 172-178-моддаларида кўрсатилган солиққа тортилувчи даромадлар юзага келмайди. Мос равишда, солиқ тўловлари бўйича мажбуриятлар ҳам юзага келмайди.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, сизнинг ҳолатингизда фоизсиз қарз беришдан қарз берувчида ҳам, қарз олувчида ҳам солиқ оқибатлари юзага келмайди, шунинг учун бухгалтерия ҳисобида тўғирлашлар киритишга ҳожат йўқ.

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.