Саволнинг ID си: 6876
Корхона қайси қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирса ягона ер солиғи тўловчиси бўлиши керак бўлган қишлоқ маҳсулотларининг аниқ рўйхати борми?
Экспертларнинг жавоблари:

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг аниқ рўйхати Ўзбекистон Республикаси иқтисодий фаолият турлари бўйича маҳсулотлар (товарлар, ишлар, хизматлар) Статистик классификаторининг А бўлимида келтирилган. 01.11-01.49 кодлари билан белгиланган (барча ушбу гуруҳларнинг бандларига киритилган) маҳсулотлар қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бўлиб ҳисобланади.

Аммо, ягона ер солиғи (ЯЕС) тўловчиси бўлиш учун фақат қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришнинг ўзи кифоя эмас. ЯЕСни бир пайтнинг ўзида қуйидаги талабларнинг барчасига жавоб берадиган юридик шахслар тўлайдилар (Солиқ кодексининг 362-моддаси):

-ажратилган ер участкаларидан фойдаланган ҳолда қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштириш ва ўзи етиштирган мазкур маҳсулотни қайта ишлаш ёхуд ер участкаларидан фойдаланган ҳолда фақат қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштириш асосий фаолият тури бўлган юридик шахслар;

-қишлоқ хўжалигини юритиш учун маҳаллий давлат ҳокимияти органлари (вилоят ёки туман Ҳокими) томонидан ўзларига белгиланган тартибда берилган ер участкаларига эга бўлган юридик шахслар;

-қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштириш ва ўзи етиштирган мазкур маҳсулотни қайта ишлаш улуши реализация қилиш ёки қайта ишлаш учун олинган қишлоқ хўжалиги маҳсулотини ўз ичига олувчи қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштириш ва қайта ишлаш умумий ҳажмида камида 50 фоизни ташкил этадиган юридик шахслар.

Ушбу шартларга жавоб берадиган янгидан ташкил этилган қишлоқ хўжалиги товарлари ишлаб чиқарувчилар (булар асосан фермер хўжаликлари)  давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан ягона ер солиғини тўловчилар бўлади.

Жорий йил давомида умумбелгиланган солиқларни ёки ягона солиқ тўлови тўловчилари солиққа тортиш мақсадида “қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштирувчилари” шартларига жавоб беришса ягона ер солиғини тўлашга Солиқ кодекси 360-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган тартибга мувофиқ фақат кейинги солиқ даври бошидан бошлаб ягона ер солиғини тўлашга ўтишга ҳақлидир.

Юқорида кўрсатилган шартларнинг бирига жавоб бермаган корхоналар ЯСТ ёки умумбелгиланган солиқларни тўловчиси бўладилар.

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.