Саволнинг ID си: 7113
Men 2016 yil yanvar oyidan to sentyabr oyigacha bir necha marta hizmat safarlarida bo'ldim. Sentyabr oyigacha hizmat safari uchun to'lovlarni to'lash tartibi haqida hech qanday ogohlantirish berilmadi, lekin o'quv yili boshida o'tkazilgan ped kengashda 2016 yil 1 yanvardan boshlab hizmat safari uchun to'lov to'lanmasligi aytildi.
Xizmat safarlari uchun haq to'lanmasligi haqida biror bir normativ hujjat bormi va u qachondan kuchga kirgan?
Экспертларнинг жавоблари:

Хизмат сафарига оид муносабатлар  Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги хизмат сафарлари тўғрисида Йўриқнома (Адлия вазирлигида 29.08.2003й. 1268-сон билан рўйхатга олинган) билан тартибга солинади.

Ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжат мулкчилик шаклидан қатъий назар барча юридик шахслар учун мажбурий юридик кучга эгадир.

Мазкур Йўриқноманинг 8-бандига кўра, хизмат сафарига юборилган ишчини хизмат сафарида бўлган муддатда ва йўлда бўлган муддатда иш жойи (лавозими), ишбайлар учун ўртача иш ҳақи ёки мансаб маоши ёки ишчиларни бошқа тоифалари учун ставкалари сақланиб қолади. Хизмат сафарига юборилган ишчининг иш ҳақи унинг илтимосига кўра у юборилган корхонанинг счётига жўнатилади.

Ўриндошлик бўйича ишлаётган шахс хизмат сафарига юборилганда унинг ўртача иш ҳақи уни хизмат сафарига юборган ташкилотда сақланади. Агар хизмат сафарига бир вақтни ўзида ҳам асосий ҳам ўриндошлик иши бўйича хизмат сафарига юборилганда иш ҳақи ҳар иккала мансаб бўйича сақланади, хизмат сафарига ҳақ тўлаш бўйича харажатлар эса хизмат сафарига юборувчи ташкилотларни ўзаро келишувига биноан тақсимланади.

Бундан ташқари, ЎзР Меҳнат кодексининг 171-моддаси ва юқоридаги Йўриқномага биноан хизмат сафаридаги йўл кира харажатлари; доимий турар жойидан бошқа жойда яшаш, шу жумладан уй-жой ижараси билан боғлиқ харажатлар; ходим томонидан иш берувчининг рухсати ёки розилиги билан қилинган бошқа харажатлар ҳам қопланиши шарт.

Меҳнат ҳуқуқларингиз бузилганлиги иш берувчи (раҳбар) томонидан бартараф этилмаганда:

- хизмат сафарида бўлганингизни тасдиқловчи ҳужжатлар (буйруқ, хизмат сафари гувоҳномаси, билет ва бошқа чипта ва х.к.)ларни тўплаш;

- ташкилотингиз касаба уюшмаси, туман Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказининг Давлат меҳнат ҳуқуқ инспектори, прокуратура ҳамда фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилишингиз лозим бўлади.

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.