Саволнинг ID си: 7242
«А» МЧЖ «Б» МЧЖнинг таъсисчиси ҳисобланиб, унинг «Б» МЧЖ низом жамғармасидаги улуши 10% ни ташкил этади. 2015 йил якунлари бўйича таъсисчилар ўртасида ўтказилган йиғилиш баёнига асосан «Б» МЧЖ нинг 2015 йил якунларига кўра олган соф фойдасидан «А» МЧЖ учун 5,0 млн.сўм дивиденд ҳисобланди. Ушбу дивиденд «А» МЧЖ нинг улушини оширишга ва «Б» МЧЖ низом жамғармасини оширишга йўналтириш келишилди.
1. “А” МЧЖ томонидан “Б” МЧЖдан дивиденд олиниб, ушбу дивидендлар “Б” МЧЖнинг устав жамғармасини оширишга йўналтирилса, бухгалтерия проводкалари қандай бўлади? 2. “А” МЧЖда солиқ мажбуриятлари юзага келадими?
Экспертларнинг жавоблари:

Юридик шахс иштирокчисининг улуш қийматининг ошиши тарзида олинган даромадлари тақсимланмаган фойда устав фондини кўпайтириш учун йўналтирилган тақдирда улар дивиденд деб тан олинади (СК 22-моддаси).

Дивидендларнинг олиниши ва уларни берган юридик шахснинг устав фондини оширишга йўналтирилиши қуйидаги ўтказмалар билан бухгалтерия ҳисобида акс эттирилади:

Хўжалик операцияларининг мазмуни

Дебет

Кредит

Олинадиган дивидендлар эълон қилинди (жами ҳисобланган сумму)     

4840 " Олинадиган дивидендлар"

9520 "Дивиденд тарзидаги даромадлар"

Олинадиган дивидендлар “Б” МЧЖ устав фондини оширишга йўналтирилди

0630 "Қарам хўжалик жамиятларига инвестициялар"

4840 " Олинадиган дивидендлар"

Солиқ қонунчилигига мувофиқ юридик шахсдан олиниб, унинг устав фондига йўналтирилган дивидендлар тарзидаги даромадларга солиқ солинмайди (СК 156-модда 4-қисми).

Шундай қилиб, “Б” МЧЖнинг уставига йўналтирилган дивидендлар бўйича “А” МЧЖда ҳеч қандай солиқ оқибатлари юзага келмайди. Аммо, “имтиёз қўлланилганидан сўнг бир йил ичида муассислар таркибидан чиқиб кетилганда ёхуд корхона тугатилаётганда илгари солиқ солишдан озод қилинган даромадларга умумий асосларда солиқ солинади (СК 156-модда 5-қисми).            

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.