Саволнинг ID си: 7390
Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларга пеня ҳисоблаш тартиби тўғрисида Низом (АВ 09.10.2007 й. 1724-сон) да агар бир солиқ туридан ортиқча тўлов мавжуд бўлса, бошқа солиқ туридан камроқ суммада солиқ қарзи бўлган ҳолда (маълум бир даврда) пеня ҳисобланмайди, дейилган. Лекин солиқ тўловчининг ДСИдаги шахсий кабинетида солиштирма далолатномасидан кўринадики, шундай ҳолат мавжуд бўлганда пеня ҳисобланади.
Бошқа солиқ турларидан ортиқча тўланган суммалар мавжуд бўлганда пеня ҳисобланиши қанчалик тўғри?
Экспертларнинг жавоблари:

Ҳақиқатдан, Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларга пеня ҳисоблаш тартиби тўғрисида Низом (АВ 09.10.2007 й. 1724-сон) билан белгиланганки, солиқ қарзи суммасининг солиқларнинг ортиқча тўланган сумма миқдорига тенг қисмига пеня ҳисобланмайди. Бунда, келтирилган мисоллардан кўриниб турибдики, ортиқча тўланган суммалар ва қарзлар барча солиқ турларининг йиғиндисига нисбатан олинади.

Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича ортиқча тўланган суммалар мавжудлиги давлат солиқ хизмати органлари томонидан тасдиқланиши лозим.

Бугунги кунда солиқларни ҳисобини юритувчи электрон дастурда ушбу норма ишламаяпти.

Шунинг учун давлат солиқ хизмати органлари томонидан солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича ортиқча тўланган суммалар мавжудлиги тўғрисида тасдиқнома (солиқлар бўйича далолатнома) олишни ва уни илова қилган ҳолда ёзма равишда солиқларга ҳисобланган пеняларга тўғирлашлар киритиш тўғрисида солиқ хизмати органларига мурожаат қилишингизни маслаҳат берамиз. Бу ҳолатда сизнинг инспекторингиз мустақил равишда электрон дастурда ҳисобланган пеняларга тўғирлашлар киритади.

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.