Саволнинг ID си: 7953
Рискуллаев Абдусалам Абдувалиевичга!! Ассалому алайкум, Абдусалом ака! Сизнинг Жиззах вилоятидан келиб , Самарканд вилоятининг Ургут туманида жойлашган корхонамизга ишга олиш хакидаги берган жавобингиз буйича, ходимни вактинчалик ишга олиш максадида туман МЕХНАТ булимиги ВМ нинг 223 карорида курсатилган хужжатларни тайёрлаб юбордик. Туман мехнат булимидагилар , бизда фукароларни вактинчалик ишга жойлаштириш булими мавжуд эмас, шунинг учун ходимни бирор хонадонда доимий ёки вактинчалик руйхатдан утказиб, ундан сунг ишга оласизлар деб жавоб беришди, Натижада Сиз томонингиздан берилган жавобга зид холда туман мехнат булимидан жавоб олдик.
Туман мехнат булимининг ходимларининг хатти-харакати канчалик тугри? Ходимни ишга олиш учун корхонамиз худудида жойлашган бинода кандай холда расмийлаштиришимиз мумкин?
Экспертларнинг жавоблари:

Ходимни пропискаси бўлмасдан туриб ишга олиш масаласини иш берувчининг ўзи ҳал қилади, бироқ пропискасиз ишга олганлик маъмурий жавобгарликка тортиш учун (энг кам иш ҳақининг 10-15 бараварида жарима) асос бўлади (ЎзР МЖТКнинг 223-2-моддаси).

Фуқарони пропискаси ички ишлар органлари томонидан яшаш (турар) жой бўйича амалга оширилади (АВ 09.04.1999 йилда 698-сон билан рўйхатга олинган ЎзР паспорт тизимини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги Йўриқноманинг 37, 38-б.б.).

Корхона ҳудудида яшашга мўлжалланган жой яратилган ёки мавжуд бўлган тақдирда, расман ушбу нотурар жойни - яшаш (турар) жойга айлантириш (перепрофилирование қилиш) "Объектни қайта ихтисослаштириш ва реконструкция қилишга рухсат бериш тартиби тўғрисида"ги низом (ВМнинг 09.03.2016 йилги 70-сонли қарорига 2-илова) талаблари бўйича амалга оширилади.

Акс ҳолда ходимни бирор таниши, қариндоши ва хоказоларнинг хонадонида вақтинчалик пропискадан ўтказгандан сўнг ишга қабул қилиш лозим бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Паспорт-виза режимига риоя қилиш тартиби  мустаҳкамланганлиги ва уй-жой фондидан фойдаланиш тартибга солиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” 2016 йил 26.02.даги 54-сон қарори билан:  

Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 18 майдаги 223-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2001 й., 5-сон, 28-модда) билан тасдиқланган Вақтинчалик бир марталик иш билан таъминлаш маркази тўғрисидаги намунавий низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган.

Бу ҳақда “NORMA” UZ нинг “Жавоб берамиз” маълумот хизмати орқали жавоб берилган.  

Эслатиб ўтамизки, Вақтинчалик бир марталик иш билан таъминлаш маркази Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги тузилмасида шаҳар (туман) Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказида фуқароларнинг вақтинчалик бир марталик меҳнат фаолиятини тартибга солиш мақсадида ташкил этилган.

Марказларни жойлаштириш вақтинчалик бир марталик ишларга ёллашнинг шаклланган жойлари ҳисобга олинган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда белгиланади(Низомнинг 2, 3- бандлари).

Қўшимча равишда маълум қиламизки, мазкур масалани ижросини таъминлаш мақсадида Меҳнат вазирлиги ва Самарқанд вилоят ҳокимлигига мурожаат қилишингизни тавсия қиламиз.  

 

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.