1. Ҳа, корхона устав фондининг белгиланган энг кам миқдорига амал қилган ҳолда уни соф активлар қийматигача камайтиришга ҳақли.
Масъулияти чекланган жамиятнинг (кейинги ўринларда – жамият) хўжалик фаолияти натижасида қопланмаган зарарининг юзага келиши унинг соф активлари қийматининг камайишига олиб келади. Бундай ҳолда кўрилган зарарни қоплаш учун жамият иштирокчиларининг умумий йиғилиши устав фондини (устав капиталини) барча иштирокчиларнинг ундаги улушининг номинал қийматини камайтириши ҳақида қарор қабул қилиши мумкин. Устав фондини камайтириш "Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида"ги Қонунининг 19-моддасига мувофиқ амалга оширилади (кейинги ўринларда – Қонун).
Аммо жамият ўз устав фондини соф активлар қийматидан ошмаган миқдорга, ҳамда жамият таъсис ҳужжатларидаги ўзгаришларни давлат рўйхатидан қайта ўтказиш пайтида қонун билан белгиланган устав капиталининг энг кам миқдорига амал қилган ҳолда камайтириши мумкин. (Қонуннинг 14-моддаси). Жамиятнинг устав фонди ҳужжатларни тақдим қилиш санасидаги энг кам иш ҳақининг 40 бараваридан кам бўлиши мумкин эмас.
Соф активлар қиймати ҳисоб-китоб асосида аниқланади: барча активлар қийматидан мажбуриятлар суммаси чегириб ташланади (баланс 400 сатридан 770 сатри айрилади).
Бунда, жамиятнинг устав фондини камайтириш барча иштирокчиларнинг улушлари нисбатини (фоизларда ёки касрларда) ўзгаришсиз сақлаган ҳолда уларнинг улушларининг номинал қийматини камайтириш ҳисобига амалга оширилади.
2. Устав фонди камайишини рўйхатдан ўтказиш учун зарарни қоплаш мақсадида устав фондини камайтириш тўғрисидаги ягона таъсисчи қарори ёки иштирокчилар йиғилиши баённомасини расмийлаштириш керак.
Қарор (баённома) қуйидаги маълумотларни ўзида акс эттириши керак:
- устав фондини камайтириш миқдори;
- барча иштирокчилар улушининг номинал қиймати;
- устав фондининг янги миқдори;
- устав фонди миқдорининг камайиши ҳақида жамият кредиторларини огоҳлантириш тартиби ва муддатлари;
- устав фонди камайиши билан боғлиқ таъсис ҳужжатларидаги тасдиқланган ўзгариш ва қўшимчалар.
Иштирокчи (лар) нинг қабул қилган қарори рўйхатдан ўтказувчи органдан рўйхатга олинади. Шундан кейин ушбу ўзгаришлар бухгалтерия ҳисобида акс эттирилади.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.