Саволнинг ID си: 8562
Кичик корхона (ЯСТ тўловчиси) ёш болаларга ёзги-кузги кийимлар, катталарга костюм-шим, аёлларга кўйлак-халатлар, эркакларни ички кийимларини тикиш билан шуғулланади. Ушбу кийимлар учун маҳсулотлар – матолар чет элдан олиб келинади.
Кийим – кечак тикиш билан шуғулланувчи корхоналарга қандай солиқ имтиёзлари бор?
Экспертларнинг жавоблари:

Тайёр тикилган буюмлар, тайёр кийим (тикилган, трикотаж ва чарм буюмлар) солиқ ва божхона имтиёзлари бериладиган ноозиқ-овқат истеъмол товарлар рўйхатига киритилган (Президентнинг 28.01.2009й. ПҚ-1050-сонли қарори 2-иловаси).

Рўйхатга киритилган ноозиқ-овқат истеъмол товарлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхоналарга 2018 йил 1 январгача бўлган даврга қуйидаги солиқ ва божхона имтиёзлари берилган (ПҚ-1050 3-банди):

- Ягона солиқ тўловини тўлашдан озод этиш;

- Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича импорт қилинадиган, ноозиқ-овқат истеъмол товарлари ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган асбоб-ускуналар, бутловчи буюмлар, республикада ишлаб чиқарилмайдиган хом ашё ҳамда материалларни божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод этиш;

- тасдиқланган рўйхатга киритилмаган ноозиқ-овқат истеъмол товарларини ўзи учун ишлаб чиқаришда зарур бўлган хом ашё, материаллар ва фурнитураларни импорт қилишда божхона декларацияси қабул қилинган кундан бошлаб, божхона тўловларини 60 кунгача бўлган муддатга узайтириш.

Ушбу имтиёзлардан фойдаланиш учун корхонанинг ҳисобот даври якуни бўйича умумий сотув ҳажмида рўйхатга киритилган имтиёзли махсулотларни реализация қилишдан тушган тушуми 60% дан кўп бўлиши керак.

Имтиёзларнинг яна бир шарти ЯСТ бўйича имтиёз натижасида бўшайдиган маблағлар мақсадли ишлатилиши лозим, яъни уларни янги ишлаб чиқаришларни барпо этишга, корхонани модернизациялаш, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлашга, ишлаб чиқаришда зарур бўладиган хом ашё ва материаллар харид қилишга, киритилган инвестицияларни қоплаш, кредитларни тўлашга йўналтирилиши лозим. Акс ҳолда имтиёзлардан бўшайдиган маблағлар жарима санкцияларини ҳисобга олган ҳолда тўлиқ ҳажмда давлат бюджетига ундирилади.

ПҚ-1050-сон қарорига мувофиқ ноозиқ-овқат истеъмол товарларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхоналар томонидан солиқ ва божхона имтиёзларини қўллаш тартиби АВда 31.03.2009й. 1932-сон билан рўйхатга олинган Низомда белгиланган.

Шунингдек, 2017 йил 1 январдан тайёр тикилган буюмлар, тайёр кийим (тикилган, трикотаж ва чарм буюмлар) ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхоналарга 2020 йилнинг 1 январига қадар солиқ ҳамда божхона имтиёзлари ва преференциялари берилган, ҳамда ушбу маҳсулотлар экспортидан олинган хорижий валютадаги тушумнинг бир қисмини ваколатли банкларга мажбурий сотишдан озод этилган (Президентнинг 21.12.2016й. ПҚ-2687-сонли қарори 12-14-бандлари).

Шундай қилиб, ПҚ-1050-сон Қарорга асосан имтиёзларни сотув умумий ҳажмида бу товарларни (тайёр тикувчилик буюмлари) ишлаб чиқаришдан тушум улуши ҳисобот даври якунлари бўйича камида 60 фоизини ташкил этадиган даврлар учун қўллаш ҳуқуқига эгасиз. ЯСТ учун ҳисобот даври – чорак. ЯСТ ортиб борувчи якун билан ҳисобланади. Бошқача сўз билан айтганда, агар 1-чорак (ярим йиллик, 9-ойлик) натижалари бўйича тушумдаги улуш мезонига мувофиқ келган бўлсангиз, йил якунлари бўйича бундай товарларни ишлаб чиқаришдан тушум улуши сотув умумий ҳажмида 60 фоиздан кам бўлса, унда бутун йил давомида ҳисобланган ЯСТ бўйича имтиёз қўлланмайди.

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.