Саволнинг ID си: 8949
Жамиятимиз ВМнинг 14.04.2015й. 30-сонли баёни билан тасдиқланган Дастур доирасида Замонавий автоматлаштирилган қушхонани қуриб, ишга туширди. Қушхонамиз биноси умумий ер майдони 1,005 га бўлган майдонда жойлашган ва ободонлаштириш учун яна 0,3 га ер майдони ажратилган. Бугунги кунда жамиятимиз ЯСТ тўловчиси бўлиб, АВда 2203-сон билан рўйхатдан ўтган Низомга асосан ЯСТнинг энг кам миқдорини ҳисобга олган ҳолда солиқ тўлаб келмоқда. Эшитишимиз бўйича янгидан қуриб фойдаланишга топширилган замонавий автоматлаштирилган қушхоналар ЯСТ бўйича имтиёзга эга экан.
ВМнинг 14.04.2015й. 30-сонли баёни билан тасдиқланган Дастур доирасида Замонавий автоматлаштирилган қушхоналар учун ягона солиқ тўловидан имтиёзлар мавжудми? Агар бўлса, қайси норматив-ҳуқуқий ҳужжат билан мустаҳкамланган?
Экспертларнинг жавоблари:

Асосий фаолият тури бўйича гўштни қайта ишлашга ихтисослашаётган микрофирмалар ҳамда кичик корхоналарга 2021 йил 1 январгача ягона солиқ тўлови ставкасини 50 фоизга камайтириш шаклида мақсадли солиқ имтиёзи берилган (26.01.2009й. ПҚ-1047-сонли Қарорнинг 8-банди; 29.12.2015й. ПҚ-2460-сон).

Солиқ имтиёзи натижасида бўшайдиган маблағлар корхонани техникавий қайта жиҳозлаш ва модернизациялашга, шу жумладан, янги лабораториялар барпо этиш ва мавжудларини жиҳозлашга, янги маҳсулот турлари ишлаб чиқаришни ўзлаштиришга, шунингдек хом ашё базасини ривожлантиришга мақсадли тарзда йўналтирилиши лозим.

ЎзР иқтисодий фаолият турлари умумдавлат таснифлагичига мувофиқ, қушхоналарда мол сўйиш, гўштга ишлов бериш ёки қадоқлаш фаолияти гўштни қайта ишлаш сифатида белгиланган. Шунга кўра, ушбу фаолият корхонангизнинг асосий фаолияти бўлса, сиз белгиланган ЯСТ ставкасини 50%га камайтиришга ҳақлисиз.

Мақсадли имтиёзлардан фойдаланиш ва бухгалтерия ҳисобида уларни акс эттириш тартиби ҳақида бу ерда батафсил ўқишингиз мумкин: http://kadrovik.uz/question/5855

Маълумот ўрнида эслатиб ўтамизки, янги (чиқарилган санадан бошлаб уч йилдан ошмаган) технологик асбоб-ускуналарни фойдаланишга жорий этган ЯСТ тўловчи корхоналарнинг ЯСТ бўйича солиқ солинадиган базаси янги технологик асбоб-ускуналар олишга йўналтирилган маблағлар суммасига, бироқ солиқ солинадиган базанинг кўпи билан 25 фоизига камайтиришлари мумкин (СКнинг 356-моддаси). Ушбу имтиёз ҳақида батафсиз бу ерда ўқишингиз мумкин: http://kadrovik.uz/question/8444

Дейлик, корхонангиз ушбу иккала солиқ имтиёзларидан фойдаланади. Бу ҳолда ЯСТнинг тўланадиган энг кам миқдорини аниқлаш учун имтиёз қўллашдан олинги ҳисоблаб чиқилган солиқ суммаси ЯСТнинг энг кам миқдори билан солиштириши лозим.

Мисол. Гўштни қайта ишлашга ихтисослашган корхона ҳисобот даврида 100 млн. сўмлик сотувдан даромад ва 20 млн. сўмлик бошқа даромадга эга бўлди. Солиққа тортиладиган ялпи даромад 120 млн сўмни ташкил этади (100млн.+20 млн).

Белгиланган ЯСТ ставкаси – 5%.  Ҳисобланган солиқ суммаси – 6 млн. сўмга тенг бўлади (120 млн х 5%).

Корхона янги технологик ускунани ишга туширганлиги сабабли солиққа тортиладиган базани 25% га (аммо ускуна қийматидан ошмаган миқдорда) камайтиришга ҳақли. Ушбу имтиёзни қўллаш натижасида солиққа тортиладиган сумма – 90 млн. сўмга тенг бўлади (120 млн. – (120млн. х 25%)).

Ушбу солиққа тортиладиган сумма ПҚ-1047-сон Қарорга мувофиқ, солиқ ставкаси 50%га камайтирилиб, 2,5% ставкада солиққа тортилади. Натижада тўланадиган ЯСТ суммаси – 2,25 млн (90 млн. х 2,5%) сўмга тенг бўлади.

Уч карра ер солиғидан келиб чиқиб ҳисобланган ЯСТнинг ҳисобот даври учун белгиланган энг кам миқдори 5 млн сўм дейлик. Бунда ҳисобланган солиқ суммаси  (120 млн. х 5%=6 млн. сўм) белгиланган энг кам миқдордан ошганлиги сабабли, бюджетга 2,25 млн. сўм солиқ тўланади.

Агар ЯСТ белгиланган энг кам миқдори 7 млн сўм десак, қўшимча ҳисобланган солиқ суммаси – 1 млнга тенг бўлади (7 млн. – 6 млн.).  Имтиёзлар қўлланган ҳолда ҳисобланган солиқ суммаси 2,25 млн.га тенг бўлган бўлса, энг кам солиқ миқдорини ҳисобга олган ҳолда қўшимча ҳисобланган солиқ суммаси қўшилиб, бюджетга 3,25 млн. сўм (2,25 млн.+1 млн.) тўланиши керак бўлади.

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.