Агар автотранспорт ходимга хизмат мақсадида ҳайдаш учун топширилган бўлса, ушбу муносабатлар моддий жавобгарлик ҳақидаги шартнома билан расмийлаштирилган бўлиши керак. Корхона мулкига ходим айби билан зарар етказилганда ушбу зарар суммаси белгиланган тартибда ходимнинг даромадларидан қопланиши зарур (МКнинг 198-210-моддалари).
Агар корхона мулки ходим айбисиз таъмирталаб бўлса, масалан эскириш натижасида, корхона ўз мулкини ўз ҳисобидан таъмирлаб, фойдаланишга яроқли ҳолатга келтириши керак (5-сон БҲМС “Асосий воситалар”).
Сизнинг ҳолатнгизда, агар аккумулятор эскириш натижасида ишдан чиққан бўлса, ва уни алмаштириш зарурати пайдо бўлган бўлса, у корхона ҳисобидан алмаштирилиши зарур эди. Айрим сабабларга кўра, ходим ва корхона раҳбари келишувига кўра автотранспортни яроқли ҳолатга келтириш учун ходим ўз маблағларини сарфлаган бўлса, бундай келишувни ҳужжатлар билан расмийлаштириб қўйиш зарур.
Бу ҳолатда, дефект (нуқсон)ларни аниқлаш далолатномаси тузилиб, топшириш-қабул қилиш далолатномаси, ходим аризасига кўра корхона раҳбарининг ушбу харажатни ходимга қоплаб берилиши ҳақида буйруғи расмийлаштирилиши мумкин.
Мулк (аккумулятор) ходимдан топшириш – қабул қилиш далолатномаси асосида корхонага кирим қилинади. Унинг қиймати тўлов чеки (ва/ёки товар чеки, юкхати) билан тасдиқланади.
Шартнома, топшириш-қабул қилиш далолатномаси, тўлов чеки асосида корхонанинг ходим олдидаги қарзи тан олинади. Бухгалтерия ҳисобида у қуйидагича акс эттирилишм мумкин:
Дт1040 “Эҳтиёт қисмлар”
Кт 6990 “Бошқа мажбуриятлар”.
Қарзнинг ходим пластик картасига қайтарилиши:
Дт 6990 “Бошқа мажбуриятлар”
Кт 5110 “Ҳисоб-китоб счёти”.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.