Корхона ўз ҳисоб сиёсати доирасида кўп йиллик ўсимликларнинг фойдаланиш муддатини мустақил аниқлаши ва тасдиқлаши мумкин. Шунингдек, корхона улар билан ишлаш схемаси ҳамда ушбу операцияларни ҳужжатлаштириш тартиби, жумладан бирламчи ҳужжатлар шаклини мустақил ишлаб чиқишга ва тасдиқлашга ҳақли.
Кўп йиллик ўсимликларни фойдаланишга топширгунга қадар улар асосий воситаларга капитал қўйилмаларни ҳисобга олувчи счетларда (0800) ҳисобга олинади (5-сон БҲМС 4-банди ва 21-сон БҲМСга 2-илова 72-банди). Асосий воситалар таркибига ўтказилмагунига қадар уларга амортизация ҳисобланмайди (СКнинг 144-моддаси 9-банди).
Фойдаланиш даври, яъни фойдали хизмат муддати - корхона активдан фойдаланадиган вақт даври ёки корхона ушбу активдан фойдаланишдан олишни мўлжаллаётган маҳсулот миқдори сифатида қаралади (5-сон БҲМС 3-банди). Бухгалтерия ҳисобига оид норматив ҳужжатларда ўсимликларнинг “фойдали хизмат муддати” белгиланмаган.
Солиққа тортиш мақсадида эса кўп йиллик дов-дарахтларга амортизациянинг йиллик энг юқори нормаси 10% этиб белгиланган (СКнинг 144-моддаси).
Юқоридаги нормадан келиб чиқиб фойдаланиш даври бўйича қуйидаги хулоса келиш мумкин:
- мевали кўп йиллик ўсимликлар учун – мева бериш даври;
- бошқа кўп йиллик ўсимликлар учун – корхона томонидан ҳисоб сиёсатида белгиланган фойдаланиш даври.
Ўсимликларнинг фойдали даврини белгилаш учун корхонангиз қишлоқ хўжалиги мутахассиси – агрономга ёки ЎзР Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигига мурожаат қилиши лозим. Уларнинг берган маълумотлари асосида корхона ўз ҳисоб сиёсати доирасида кўп йиллик ўсимликларнинг фойдаланиш муддатини ҳамда эскириш нормаларини белгилаши мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.