Саволнинг ID си: 9353
Ходима бола парваришлаш таътилидан иш ўрнига қайтмасдан, янги туғруқ таътилига чиқиши мумкинми? Агар мумкин бўлса, туғруқ таътили учун маблағ қандай тартибда ҳисобланади, аввалги туғруқ таътили учун ҳисобланган база асосида ҳисобланадими?
Экспертларнинг жавоблари:

Қоидага кўра, ҳомиладорлик ва туғиш таътили тиббий хулосада белгиланган кундан эътиборан жамланган ҳолда ҳисоблаб чиқилади ҳамда аёлга умумий 126 календарь кун муддатда тўлиқ берилади, бундан:

туққунга қадар – 70 календарь кун;

туққандан кейин – 56 календарь кун (МКнинг 233-моддаси).

Ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақани тайинлаш ва тўлаш учун белгиланган тартибда берилган меҳнатга қобилиятсизлик варақаси асос бўлади. Ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақа вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик варақасида кўрсатилган барча давр учун тўланади.

Меҳнат кодексининг 234-моддасига мувофиқ, аёлга, унинг хоҳишига кўра, ҳомиладорлик ва туғиш таътили тагагандан кейин иш берувчи болани 2 ёшга тўлганига қадар парваришлаш учун қисман ҳақ тўланадиган таътил бериши шарт, бу даврда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда нафақа тўланади.

Саволингизга қайтсак, яъни ушбу нафақани оладиган ва 2-боласига ҳомиладорлиги тўғрисида тиббий хулосага эга аёл, бундан ташқари, қўшимча ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси тўланишини талаб қилишга ҳақлими?

Йўқ. Бундай ҳолатда аёл бу икки турдаги нафақалардан фақат ўзи танлаган биттаси тўланишини талаб қилишга ҳақли.    

Ёки, агар бир вақтнинг ўзида 2 ёшга тўлмаган 2 нақар боласини парваришласачи?

Нафақа миқдори ўзгармайди. У парвариш қилинаётган болалар сонидан қатъий назар, кўрсатилган миқдорда тўланади, чунки бу турдаги нафақа болаларга эмас, онага ёки бу болани аслида парваришлайдиган бошқа шахсга тайинланади.  

 

 

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.