Саволнинг ID си: 9396
АЖни муддатида тўланмаган солиқ қарзлари Мажбурий ижро бюроси (МИБ) томонидан ундириш тўғрисида қарор чиққан. Жамиятнинг ҳисобрақамига МИБ томонидан банд солинган, яъни ҳисоб рақамга келиб тушган маблағ МИБни депозит рақамига ўтказиб келинмоқда. МИБ томонидан бож тўловини ушлаб, қолган маблағни ДСИга солиқлардан бўлган қарзларимизга кўчириб бермоқда. Юқорида содир этилаётган операциялар учун қандай хужжалар расмийлаштириш ва тегишли буҳгалтерия ўтказмалари берилади?
Муддатида тўланмаган солиқ қарзлари мажбурий ижро бюроси орқали тўланганда қандай ҳужжатлар расмийлаштирилади ва бухгалтерия ўтказмалари берилади?
Экспертларнинг жавоблари:

Солиқлар МИБ депозит ҳисобрақами орқали тўланиши қўшимча ҳужжатлар расмийлаштирилишини талаб этмайди ва бухгалтерия ўтказмаларининг ўзгаришига олиб келмайди.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларининг мажбурий ижросини таъминлайди (ЎзР Президентининг ПҚ-3016-сон 2017 йил 30 майдаги қарорига 4-илова).

Ўз муддатида тўланмаган солиқлар бюджетга тўғридан тўғри эмас, балки ушбу орган депозит ҳисобрақами орқали тўланиши учун уларнинг МИБ томонидан ундирилиши тўғрисида чиққан суд қарори етарли ҳужжатий асос бўлади. Бу операция бўйича бошқа бирон ҳужжатларни расмийлаштириш талаб этилмайди.

Аммо, амалда бир неча турдаги солиқ қарзлари битта тўлов билан ечиб олиниши ва тўловнинг қанча қисми қайси солиқ қарзини ёпишга йўналтирилганлиги кўринмаганлиги сабабли тўловни ечиб олиш пайтида солиқларни ҳисобга олувчи вақтинчалик субсчет очиш мумкин: масалан 6411 “МИБ орқали ундирилган солиқ бўйича мажбуриятлар”. Тўлов МИБнинг депозит рақамидан солиқ қарзларини қоплашга ўтказилганда, солиқ тўловчининг шахсий карточкасида солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг, шунингдек пеня ва жарималарнинг ҳисобланган ҳамда тўланган суммаларини акс эттирилади (СКнинг 69-моддаси). Унда келтирилган маълумотлар асосида вақтинчалик 6411 “МИБ орқали ундирилган солиқ бўйича мажбуриятлар” субсчетдаги тўловларни солиқ турлари бўйича тақсимлашингиз мумкин.

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.