Саволнинг ID си: 9497
Умумий овқатланиш корхонаси айрим ҳолатларда жисмоний шахсларнинг таклифига асосан уларнинг хонадонларига бориб туғилган кун, ёки бошқа маросимларида уларнинг меҳмонларига таомлар тайёрлаши мумкин. Бунда тайёрланадиган таомларнинг масаллиқлари маросим эгасининг ҳисобидан амалга оширилади.
Умумий овқатланиш корхонаси айрим ҳолатларда жисмоний шахсларнинг таклифига асосан уларнинг хонадонларига бориб туғилган кун, ёки бошқа маросимларида уларнинг меҳмонларига таомлар тайёрлаши мумкинми? Маросим эгаси кўрсатилган хизмат учун нақд ва пластик картада тўловларни амалга ошира оладими? Ушбу ҳолат қайси ҳужжатлар орқали расмийлаштирилади? Кўрсатилган хизматга қандай ЯСТ ставкасида солиққа тортилади?
Экспертларнинг жавоблари:

Ҳа, умумий овқатланиш корхонаси буюртмачининг истагига кўра уларнинг хонадонида таом тайёрлаш хизматини амалга ошириши мумкин. Тадбиркорлик фаолияти субъектлари қонун ҳужжатларида тақиқланмаган ҳар қандай фаолиятни амалга оширишга ҳақлилар (“Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонуннинг 8-моддаси).

Бунда буюртмачи ва хизмат кўрсатувчи, яъни сизнинг корхонангиз ўртасида оддий ёзма шаклда шартнома тузиб, унда хизмат кўрсатиш шарти, жойи, масаллиқлар кимнинг ҳисобиданлиги ва нархи, тўлов усули кабилар аниқланиб олиниши керак. Шартнома учун тўловни умумбелгиланган қоидалар асосида терминал ёки нақд равишда қабул қилиб олишингиз мумкин.

Таом тайёрлаш хизмати умумий овқатланиш корхоналари учун белгиланган ставка – 10% лик ставкада ЯСТга тортилади.

Умумий овқатланиш соҳасидаги хўжалик юритувчи субъект – бу умумий овқатланиш соҳасида кулинария, шунингдек бошқа озиқ-овқат маҳсулотларини тайёрлаш, сотиш ва истеъмол қилишни ташкил этиш ҳамда хизматлар кўрсатиш бўйича функцияларни бажарувчи юридик шахсдир (ВМнинг 13.02.2003 й. 75-сон Қарорига 2-илова).

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.