Саволнинг ID си: 9612
Меҳнатда жароҳат олиши муносабати билан иш берувчи томонидан жабрланувчига тўланадиган ҳар ойлик товон пули қайси ҳужжатга асосан тўланади ва қайси кундан тўлов бошланади?
Экспертларнинг жавоблари:

Ходимга у меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда жароҳатланиши, касб касалликларига чалиниши ёки саломатликнинг бошқа хил шикастланиши туфайли етказилган зарар иш берувчи томонидан тўланиши керак. Ушбу зарарни тўлаш 11.02.2005й. 60-сонли ВМҚга 1-илова билан тасдиқланган Қоидаларга асосан амалга оширилади.

Меҳнат жароҳати туфайли жабрланувчининг (ходимнинг) меҳнатга лаёқатсизлик даражаси Тиббий-меҳнат экспертиза комиссияси томонидан белгиланади (Қоидаларнинг 6-б.).

Ходимга жароҳат ёки соғлиғига бошқа шикаст етказилганда жабрланувчининг олган ёхуд олиши мумкин бўлган йўқотган иш ҳақи (даромади) тўланади.

Зарар жабрланувчига ҳар ойда қуйидагилар кўринишида тўланади:

- меҳнат фаолиятини йўқотиш даражасига тегишли равишда меҳнат жароҳати олгунга қадар унинг ўртача ойлик иш ҳақига фоизларда;

- соғлигига шикаст етказилиши сабабли қилинган қўшимча харажатлар компенсациясида;

- белгиланган ҳолларда бир марталик нафақаларда (Қоидаларнинг 11-б.).

Зарарни қоплаш тўловлари:

1) жабрланувчига  у меҳнат жароҳати оқибатида касб бўйича меҳнатга лаёқатини тўлиқ ёки қисман йўқотган кундан бошлаб;

2) боқувчининг вафоти туфайли зарар тўловини олиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларга  боқувчининг вафот этган кунидан, аммо фақат зарар тўловини олиш ҳуқуқига эга бўлинган вақтдан бошлаб тўланади (Қоидаларнинг 50-б.).

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.