Саволнинг ID си: 9635
Ташкилотимизнинг асосий фаолияти кийим-кечак ишлаб чиқариш бўлиб, солиқ солиш тизимининг соддалаштирилган тартибида. Ташкилотимиз фаолияти давомида бир неча марта бошқа ташкилотлардан фоизсиз вақтинчалик (қайтариш шарти билан) моддий ёрдам олди ва бошқа ташкилотларга фоизсиз вақтинчалик (қайтариш шарти билан) моддий ёрдам сифатида қарз берди, худди шундай ташкилотимиз ўз ходимларига ҳам мунтазам, тез-тез ходим аризасига кўра вақтинчалик, ойлик иш ҳақидан ушлаб қолиш шарти билан молиявий ёрдам бериб туради.
Ташкилотимиз вақтинчалик (қайтариш шарти билан) бошқа ташкилотлардан олган ва бошқа ташкилотларга ҳамда ўз ходимларига берган молиявий ёрдам учун солиқ солиш объекти шаклланадими?
Экспертларнинг жавоблари:

Корхонангизда фоизсиз қарз шартномаси асосида олинган маблағлардан солиққа тортилувчи даромад ҳосил бўлади. Корхонангиз бошқа ташкилотларга ва жисмоний шахсларга берган фоизсиз қарзлари бўйича ҳеч қандай солиқ оқибати юзага келмайди.

Солиққа тортиш мақсадида корхонангизда қарз маблағларидан текинга фойдаланганлиги учун текин олинган мулкий ҳуқуқлар кўринишдаги даромад юзага келади. Ушбу даромад суммасини ҳисоблаб чиқариш учун қарз олинган санадаги Марказий банк қайта молиялаштириш ставкасидан фойдаланилади. Даромадни ҳисоблаш Солиқ кодексининг 135-моддасидаги тартибга мувофиқ амалга оширилади.

Фоизсиз қарз берганингизда эса бундай даромад қарздан текинга фойдаланувчида, яъни қарздорда юзага келади. Бундай ҳолда солиқ оқибати ҳам қарз олувчида пайдо бўлади.

Бу даромад тури фақат юридик шахслар учун белгиланганлиги сабабли, жисмоний шахслар фоизсиз қарз олганларида уларда ва корхонада ҳеч қандай солиқ оқибатлари юзага келмайди.

Фоизсиз қарз шартномалари билан ишлаганда даромад ва солиқ суммасини ҳисоблаш ҳақида батафсил экпертимизнинг ушбу жавобларида ўқишингиз мумкин:

http://kadrovik.uz/question/7948

http://kadrovik.uz/question/8107

http://kadrovik.uz/question/8592

http://kadrovik.uz/question/8712

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.