Саволнинг ID си: 9810
Фермер хўжалигининг асосий фаолияти боқувдаги ва ўстиришдаги ҳайвонларни боқиб сотиш, яъни чорвачилик. Ҳокимият томонидан 10 га ер майдони ажратилган. Фермер хўжалиги ягона ер солиғи тўлайди. Фермер хўжалигида йил бошида 144 000 000 сўмлик чорва моллари мавжуд эди. Йил давомида ушбу чорва моллари боқиб 288 000 000 сўмлик чорва моллари етиштирилди ва сотилди. Шу билан биргаликда аҳолидан ўзи етиштирган чорва молларини сотиб олиш бўйича шартнома асосида 177 000 000 сўмлик чорва моллари сотиб олинди. Ушбу сотиб олинган чорва моллари учун пул аҳолига омонат ҳисоб рақамлари ёки пластик карточкаларга тўлаб берилди. Ушбу чорва моллари маълум муддат давомида боқилиб кейин аҳолига сотилади.
Ушбу ҳолатда фермер хужалиги кандай солиқ тўлайди? ЯСТ туланса кайси суммадан туланади ва неча фоиз?
Экспертларнинг жавоблари:

Бир вақтнинг ўзида қуйидаги шартларга жавоб берадиган юридик шахслар солиқ солиш мақсадида қишлоқ хўжалиги товарлари ишлаб чиқарувчилар жумласига киради ва ушбу фаолият тури бўйича ягона ер солиғи тўлашга мажбур (СКнинг 362-моддаси 2-қисми, 363-моддаси 7-қисми):

  • асосий фаолият тури ер участкаларидан фойдаланган ҳолда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва ўзи етиштирган бундай маҳсулотларни қайта ишлаш бўлган ёки асосий фаолият тури фақатгина ер участкаларидан фойдаланган ҳолда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш бўлган юридик шахслар;
  • қишлоқ хўжалигини юритиш учун маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ўзларига белгиланган тартибда берилган ер участкаларига эга бўлган юридик шахслар;
  • қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини реализация қилиш умумий ҳажмида қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштириш ва ўзи етиштирган мазкур маҳсулотни қайта ишлаш улуши камида 50 фоизни ташкил этадиган юридик шахслар. Умумий хажм реализация қилиш ёки қайта ишлаш учун олинган  қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ҳамда юридик шахснинг ўзи етиштирган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ва ўзи етиштирган қишлоқ хўжалиги маҳсулотни қайта ишлашдан олинган тушумни ўз ичига олади.

Шунга кўра, агар фермер хўжалиги чорва молларини сотиб олиб, маълум муддат давомида чорвани боқиб ўстириб, сўнгра сотса, у ҳолда ягона ер солиғини тўлайди.

Агар чорва моллари сотиб олиниб, боқиб ўстирилмасдан тез орада сотилса, у ҳолда бу савдо фаолияти ҳисобланади. Фермер хўжалиги ушбу фаолият тури бўйича алоҳида ҳисоб юритиши ва ЯСТ тўлаши шарт (СКнинг 363-моддаси 8-қисми). Бунда чорва молларини аҳолига нақд пулга ёки савдо терминаллари орқали сотишда ЯСТнинг чакана савдо учун белгиланган ставкаси қўлланилади. Агар улгуржи сотилса, ЯСТнинг улгуржи фаолият учун белгиланган ставкаси қўлланилади, шу билан биргаликда, фермер хўжалигида улгуржи савдо фаолияти учун лицензия бўлиши талаб этилади (ВМнинг 2002 йил 26 ноябрдаги  407-сонли қарорига илованинг 3-банди). ЯСТнинг савдо фаолияти бўйича 2017 йил учун ставкалари Президентнинг 2016 йил 27 декабрдаги 2699-сонли қарорига 10-2-сонли иловада белгиланган.

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.