Саволнинг ID си: 10033
Корхонанинг айланма маблағларини ошириш учун таъсисчи томонидан накд пул маблағлари банкга топширилади
Корхонанинг айланма маблағларини ошириш учун таъсисчи томонидан накд пул маблағлари банкга топширилса кандай солик окибатлари юзага келади? Буни неча маротаба ва канча микдорда топшириши мумкин?
Экспертларнинг жавоблари:

Таъсисчи пул маблағларини банкга топширганида эълонда кўрсатиладиган тўлов мақсадига эътибор бериш лозим. Айланма маблағларни тўлдириш учун пул маблағлари қайтариб бериш шарти билан (қарз сифатида) ёки қайтариб бермаслик шарти билан киритилиши мумкин. Ҳар иккала ҳолатда ҳам пул маблағлари шартнома асосида киритилади.

1. Пул маблағи қайтариб бериш шарти билан, яъни қарз сифатида муайян муддатга киритилган тақдирда, ушбу қарз суммаси ҳисобда кредиторлик қарзи сифатида акс эттирилади (қайтариш муддатига қараб узоқ муддатли ёки қисқа муддатли мажбурият сифатида). Қарз суммаси фоизлар тўлаш мажбуриятисиз ёки Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкасидан паст фоизда олинган бўлса, ушбу “тўланмаган фоизлар” суммаси қарз олувчи корхонанинг солиқ солинадиган базасига киритилади. Ушбу суммани аниқлаш тартиби СКнинг 135-моддасида акс эттирилган. Бу ҳақида батафсил “Солиқ ва божхона хабарлари” газетасининг 2017 йил 28 февралда чиққан 7-сонида чоп этилган "Фоизли ва фоизсиз қарз"мақоласи билан танишинг.

Қарз берувчи таъсисчи, яни жисмоний шахсга келсак, ушбу ҳолда у берган қарзи бўйича фоизлар оладиган бўлса, таъсисчида мулкий даромад юзага келади (СК 176-моддаси), корхона унинг ушбу даромадидан белгиланган ставка (ЎзР Президентининг 29.12.2017 даги №ПҚ-3454 қарори, 3-бан, 7-сатр) бўйича солиқ ушлаб қолиши ва бюджетга ўтказиши лозим.

2. Пул маблағлари қайтариб бермаслик шарти билан олинган тақдирда, ушбу сумма ҳисобда “Текинга олинган мол-мулк” сифатида “Хусусий капитал” бўлимида акс эттирилади,  киритилган сумма солиқ мақсадларида тўлиқ миқдорда “бошқа даромадлар” сифатида қаралади (СКнинг 132,135,355-моддаларига қаранг) ҳамда солиқ солинадиган базани (ЯСТ ёки фойда солиғи бўйича базани) оширади, яъни корхонанинг асосий фаолияти бўйича белгиланган ставкада солиққа тортилади. Ушбу ҳолатда Таъсисчида ҳеч қандай даромад бўлмайди ва унга нисбатан солиқ оқибати юзага келмайди. Пул маблағларини юқорида кўрсатилган мақсадларда топширишда пулнинг миқдори ёки бундай операцияларнинг сонига нисбатан чекловлар қонун ҳужжатларида белгиланмаган

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.