Саволнинг ID си: 10694
Хусусий корхонага қишлоқ хўжалик фаолиятини юритиш учун туман Хокимининг ер ажратиш тўғрисидаги қарорига асосан 10 733,0 га ер майдони ажратилган.(асосий фаолият тури – кишлоқ хўжалик махсулотлари етиштириш хисобланади). Шундан, 6 850,3 га ер майдони экин ерлари, 3 712,2 га ер суғорилмайдиган ерлар бўлиб, мелиоратив ҳолати ёмон аҳволда. Ҳозирги кунда ушбу ерларнинг мелиоратив холатини яхшилаш тадбирлари амалга оширилмоқда.
1.Қишлоқ хўжалиги ишларини амалга ошириш учун ажратилган ер майдонининг мелиоратив ҳолати ёмонлиги аниқланганда солиқ кодексининг 282-моддаси 24-бандига асосан ягона ер солиғи бўйича имтиёз олиш мумкинми? 2.Агар мумкин бўлса бу қандай тартибда амалга оширилади ва ушбу ҳужжатлар ким томонидан тасдиқланиши керак?
Экспертларнинг жавоблари:

Қишлоқ хўжалиги товарлари ишлаб чиқарувчи ягона ер солиқ тўловчиларга Солиқ Кодекси 282-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган ер солиғи бўйича имтиёзлар татбиқ этилади. Ушбу модданинг 24-бандига мувофиқ, мелиорация ишлари амалга оширилаётган мавжуд суғориладиган ерлар, ишлар бошланганидан эътиборан беш йил мобайнида солиқ солинмайдиган ер участкалари жумласига киритилган. Агар ажратилган ер саволда айтилганидек суғорилмайдиган, янги ўзлаштириладиган ер бўлса, у ҳолда 282-модданинг 23-бандини қўллаш имкониятини кўриб чиқиш мумкин.

Солиқ кодексида кўрсатилган имтиёзларни қўллаш учун солиқ тўловчида етарли асослар бўлиши керак (СКнинг 30, 31-моддаси).

Ерни ўзлаштириш ёки мелиорация ишларини бошлашдан аввал ушбу ишлар лойиҳасини тайёрламоқ ва бу лойиҳани ваколатли органлар – Қишлоқ хўжалик ва Сув хўжалиги Вазирликларининг таркибий бўлинмалари билан уйғунлаштирмоқ лозим. Ваколатли орган билан уйғунлаштирилган лойиҳанинг мавжудлиги солиқ имтиёзларини қўллаш учун асос бўлади. 

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.