Саволнинг ID си: 10916
Хусусий корхона 2017 йилда улгуржи савдо фаолияти билан бирга, қўшимча пишган ғишт ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланди. Туман Хокимининг 2015 йил 15-апрелдаги буйруғига асос тумандаги «Новрўз» ОФЙда узунлиги 5,8 км бўлган 4,6 га майдонни коллектордан аввал кавлаб чиқарилган тупроқ вақтинча 3 (уч) йилга берди. 2018 йил 6 февралда Тошкентдан хусусий корхона учун туман лессимон жинслар кони фойдаланишга 2017 йил 28 ноябрда чиқарилган руҳсатнома олиб келди. Аммо бизнинг фирмамиз 2017 йил карьердан фойдаланмади. 2017 йил якуни бўйича жами даромадимиз 1507,6 млн. сўм, шундан: Улгуржи савдодан 383,641 минг сўм, чакана савдодан 475,119 минг сўм, пишган ғишт ишлаб чиқаришдан 648,645 минг сўм, бошқа даромадан 220,0 минг сўм ташкил этади. Фирма ягона солик тўловчиси ҳисобланади. 2017 йил жами даромаддан 1507,6 млн. сўмга умумбелгиланган солиқ ҳисоблаб 519,577минг сўм тўлашни талаб қилмокдалар.
ЯСТ тўловчиси ҳисобланган ва 2017 йилда бир неча фаолият турлари, шу жумладан пишиқ ғишт ишлаб чиқариш билан шуғулланган корхона қандай солиқларни (ЯСТ ёки умумбелгиланган) ва қачондан бошлаб тўлаши лозим?
Экспертларнинг жавоблари:

Солиқ солиш мақсадида савдо ва умумий овқатланиш корхоналари жумласига савдо фаолияти ўтган ҳисобот йили якунлари бўйича асосий фаолият тури бўлган юридик шахслар киради (СКнинг 350-моддаси). Асосий фаолият тури - юридик шахснинг ҳисобот даври якунлари бўйича умумий реализация қилиш ҳажмидаги соф тушум улуши устунлик қиладиган фаолиятидир (СКнинг 22-моддаси). Агар юридик шахслар ҳисобот йили якунлари бўйича ушбу шартларга жавоб бермасалар, улар келгуси йил бошидан эътиборан умумбелгиланган солиқлар тўлашга ўтиши керак (СКнинг 352-моддаси).

Ягона солиқ тўлови ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ солинадиган фойдали қазилмаларни қазиб олишни амалга оширувчи микрофирмалар ва кичик корхоналарга татбиқ этилмайди, бундан энергия тежайдиган замонавий технологиялар асосида пишиқ ғишт ишлаб чиқарувчи микрофирмалар ва кичик корхоналар мустасно (СКнинг 350-моддаси).

Президентнинг 2009 йил 19 июндаги “Деворбоп материаллар ишлаб чиқаришни кўпайтиришни рағбатлантириш ва сифатини яхшилаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида“ги ПҚ-1134-сон Қарори 2-бандининг иккинчи, учинчи хатбошларига қаранг.

Савол мазмунида келтирилган маълумотларга кўра, 2017 йил якуни бўйича савдо фаолияти корхонанинг асосий фаолияти бўлиб ҳисобланмайди, чунки йиллик жами тушумда ишлаб чиқарилган ғишт маҳсулотини сотишдан келган тушум улуши устунлик қилади ва ушбу фаолият тури унинг асосий фаолият тури бўлиб ҳисобланади. Агар ғишт ишлаб чиқариш Президентнинг 2009 йил 19 июндаги ПҚ-1134-сон Қарорида белгиланган талабларга жабоб берса, корхонада ягона солиқ тўловчиси бўлиб қолиш имконияти бўлади. Акс ҳолда умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтиши керак.

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.