Саволнинг ID си: 11197
Корхонамиз 2017-йил февралда ташкил этилган. Асосий фаолият тури низом буйича биогомус (биологик органик маҳаллий ўғитлар) ишлаб чиқаришдан иборат. Бу фаолият тури мавсумий характердаги ишлаб чиқариш ҳисобланади, ишлаб чиқариш цикли 3 – 6 ойга тенг. Корхонамиз 2017-йилнинг 1-3 чораклари учун ер солиғининг 3 карраси бўйича ЯСТ ҳисоботини тақдим этди. 2017-йил 4 чоракда 25.0 млн сўмлик ишлаб чиқарган биогомус маҳсулотини сотилди (100 фоиз улуш асосий фаолиятга таълуқли) ва ЯСТ ҳисоботида уни кўрсатиб ҳисобот такдим этди. 2018-йил 1-2 чорак учун иш чиқариш билан шуғулланиб, сотиш амалга оширилмади.
Корхона 2017-йил 1-2 чорак учун ер солигидан 6-ойлик имтиёз олиш, 2018-йил 0,5 фоиз камайтирувчи коэффицентлардан қандай фойдаланиши мумкин?
Экспертларнинг жавоблари:

Ягона солиқ тўловини унинг минимал миқдорини ҳисобга олган ҳолда тўлаш Адлия вазирлигида 2011 йил 3 мартда 2203-сон билан рўйхатга олинган Низомга асосан амалга оширилади.

Мазкур Низом қоидалари янгидан ташкил этилган кичик тадбиркорлик субъектларига, давлат рўйхатидан ўтган санадан бошлаб олти ой давомида тадбиқ этилмайди. Сизнинг корхонангиз 2017 йилнинг 1 ва 2-чораклари учун солиқ ҳисоботини ушбу имтиёзни қўлламаган ҳолда тақдим этган бўлса ва ушбу давр учун солиқ хизмати органлари томонидан молия-хўжалик фаолияти текшируви ўтказилмаган бўлса, у ҳолда ўтган давр учун аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини қайта топшириш ҳуқуқига эгасиз (СКнинг 46-моддаси). Агар аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи бўйича ҳисоблаб чиқарилган солиқ суммаси илгари тақдим этилган солиқ ҳисоботи бўйича ҳисоблаб чиқарилган ва тўланган солиқ суммасидан кам бўлса, аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи тақдим этилган кундан эътиборан шахсий варақада солиқ суммаси тафовут миқдорига камайтирилганлиги акс эттирилади. Шунингдек солиқнинг ортиқча тўланган суммаси СКда белгиланган тартибда ҳисобга олинади ёки қайтарилади.

Асосий фаолият тури товар ишлаб чиқариш (саноат соҳаси) бўлган микрофирма ва кичик корхоналар 0,5 миқдоридаги пасайтирувчи коэффициент (фаолият тури бўйича – К1 пасайтирувчи коэффициент) қўллайдилар. Сизнинг корхонангизнинг асосий фаолият тури ишлаб чиқариш бўлса, у ҳолда 0,5 миқдордаги К1 пасайтирувчи коэффициентни қўллашингиз мумкин.

Юридик шахснинг жойлашган ерига боғлиқ ҳолда пасайтирувчи коэффициент (К2) қўллаш ҳуқуқи берилган. Агар корхонангиз бориш қийин бўлган ва тоғли ҳудудларда жойлашган бўлса, у ҳолда сизда 0,7 миқдоридаги К2 пасайтирувчи коэффициентни қўллашга ҳуқуқи бўлади. Акс ҳолда сиз бу пасайтирувчи коэффициентни қўллай олмайсиз.

СКнинг 350 – 358-моддалари билан батафсил танишиб чиқишингизни тавися этамиз.

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.