Саволнинг ID си: 11286
Илмий тажриба хўжалиги асосан мевали кўчатларни етиштириш ва сотиш билан шуғулланади. Хўжаликнинг тасарруфидаги жами ерлар таркибида суғориладиган ерлар, боғлар, узумзорлар, кўчатзорлар, теракзорлар, ариқ ва зовурлар, йўллар эгаллаган ерлар ҳамда бошқа ерлар мавжуд. Хўжалик томонидан тасарруфидаги ёш боғлар эгаллаган ҳамда бошқа суғориладиган ер майдонларидан қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштириш (сабзи, пиёз, картошка, мевали дарахт ва ҳ.к.) мақсадида фойдаланиш бўйича оилавий пудратчилар билан шартномалар тузилади. Шартномага асосан Пудратчига ер майдонида хўжалик томонидан буюртма қилинган қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштириш мажбурияти юкланади, яъни пудратчи етиштирган ва буюртма қилинган маҳсулотни хўжалик омборига топширади.
Илмий тажриба хўжалигининг ер майдонлари учун ягона ер солиғи бўйича кўзда тутилган имтиёзлар қандай тартибда қўлланилишини мисоллар билан тушунтириб беришингизни сўрайман. Хўжалик томонидан пудрат асосида ерларни ижарага бериши бўйича шартномалар тузиш тартиби юзасидан батафсил тушунтириш берсангиз.
Экспертларнинг жавоблари:

Ягона ер солиғи (ЯЕС) бўйича имтиёзлар СКнинг 367-моддасида белгиланган. Шунингдек, ягона ер солиғини тўловчиларга СКнинг 282-моддаси иккинчи қисмида назарда тутилган ер солиғи бўйича имтиёзлар ҳам татбиқ этилади.

ЯЕС бўйича солиқ имтиёзларни қўллаш тартибини белгиловчи алоҳида қонун ҳужжати мавжуд эмас. Лекин имтиёзларни қўллаш ҳуқуқи пайдо бўлганини тасдиқлаб берадиган ҳужжатларни расмийлаштириш талаб этилиши мумкин. Масалан, СКнинг 282-моддаси 24-бандига биноан, мелиорация ишлари амалга оширилаётган мавжуд суғориладиган ерлар, ишлар бошланганидан эътиборан беш йил муддатга солиқ тўлашдан озод этилади. Бундай ишларни амалга оширишда солиқ тўловчида тегишли равишда расмийлаштирилган лойиҳа ҳужжатлари бўлиши керак.

Имтиёзни қўллаётган солиқ тўловчи солиқ ҳисоб-китобининг тегишли сатрида имтиёз қўлланилаётган ер участкаси бўйича тегишли маълумотларни кўрсатади.

Қишлоқ хўжалиги корхоналари, муассасалари ҳамда ташкилотларида ер участкалари оилаларга қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштириш учун камида беш йил муддатга фойдаланишга оила пудрати шартномаси асосида берилади. Оила пудрати шартномаси асосида ер бериш Ўзбекистон Республикасинг 30.04.1998 йилдаги № 598-I “Ер Кодекси” 51-моддасида ҳамда 30.04.1998 йилдаги № 600-I “ Қишлоқ хўжалик кооперативи” тўғрисидаги қонуни 15-моддаси, 21-моддасида белгиланган.

Оила пудрати шартномаси қишлоқ хўжалик корхонаси билан оила бошлиғи ўртасида тузилади.

Оила пудрати шартномасида қуйидагилар назарда тутилади:

  •  ер участкасининг ўлчами, жойлашган ери ва ҳолати;
  •  ер участкасидан фойдаланиш шартлари, тарафларнинг алмашлаб экиш схемасига мувофиқ ернинг ҳосилдорлиги ва сифатини ошириш борасидаги, тупроқ унумдорлигини сақлаш ва ошириш борасидаги мажбуриятлари;
  •  етиштириладиган қишлоқ хўжалик маҳсулотининг миқдори ва турлари, унинг сифати;
  •  етиштирилган қишлоқ хўжалик маҳсулотининг баҳоси, унга ҳақ тўлаш ва уни реализация қилиш шартлари;
  •  суғориш учун сув ва моддий-техника ресурслари билан пудратчини таъминлаш;
  •  тарафларнинг шартнома мажбуриятларини бажармаганлик учун жавобгарлиги ва уларнинг хоҳишига кўра бошқа шартлар.

Оила пудрати шартномаси асосида бериладиган ер участкаларидан қатъий белгиланган мақсадда фойдаланилади. Оила пудратида меҳнатга ҳақ тўлаш якуний натижаларга кўра амалга оширилади. Пудратчидан ер ҳақи ундирилмайди.

Оила пудрати шартномаси асосида ер бериш тўғрисида батафсил маълумот олиш учун Ер Кодексининг 51-моддаси билан ҳамда Қишлоқ хўжалик кооперативи тўғрисидаги қонуннинг 15, 21-моддалари билан танишиб чиқишни тавсия қиламиз. 

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.