Саволнинг ID си: 11733
Бизнинг корхонамиз Тошкент шаҳрида рўйхатдан ўтган. Яқинда таъсисчимиз Тошкент вилояти Газалкент шаҳрида жойлашган 0,3 га ли кўчмас мулкни корхона уставини ошириш ҳисобига улуш сифатида киритмоқчи. Корхонамиз ягона солиқ тўлови тўловчиси.
1. Кўчмас мулк қайси қиймат бўйича баҳоланади ва ҳисобга олинади, кадастр қийматидами ёки ҳақиқий бозор қийматидами? 2. Ер корхона балансига кирганлиги учун солиқ идораларига хабарнома ёки ҳисобот топшириш керакми? 3. Корхонамиз томонидан солиқлар бўйича қандай мажбуриятларимиз бор, ер, мол-мулк солиқлари тўланадими ва қандай ҳисоботлар топширишимиз керак?
Экспертларнинг жавоблари:

Корхонанинг устав капиталига хиссалар (уни дастлаб шакллантиришда ва кейинчалик оширишда) таъсисчилар томонидан пул маблағи билан ёки мол-мулк билан киритилиши мумкин. Устав капиталини шакллантиришда (акциядорлик жамиятида акцияларга ҳақ тўлашда) киритилаётган мол-мулкнинг баҳоси таъсисчилар ўртасида келишилган қийматда белгиланади (хусусий корхонада таъсисчининг ўзи белгилайди) (06.12.2001 йилдаги №310-II қонун, 11.12.2003 йилдаги №558-II қонун, 26.04.1996 йилдаги №223-I қонун). Яъни, сизнинг ҳолатингизда таъсисчи устав капиталига киритаётган кўчмас мулк таъсисчилар (ёки таъсисчи) томонидан баҳоланади.

Устав капиталига киритилган кўчмас мулк таъсисчилар ўртасида келишилган қиймат бўйича ҳисобга олинади (5-сон БҲМС 14-банди). Савол мазмунида устав капиталига айнан нима кирилмоқчи экани аниқлаштирилмаган (ер участкаси, бино-иншоотлар ва бошқа объектлар ёки ҳаммаси биргаликда). Шунинг учун айтиб ўтиш лозимки, ер участкаси корхонага мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган ҳоллардагина у асосий восита сифатида баланга киритилади (5-сон БҲМСнинг 4-банди). Юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкаларига бўлган мулк ҳуқуқи савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаси объектлари улар жойлашган ер участкалари билан бирга хусусийлаштирилганда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда вужудга келади (қаранг: Ўзбекистон Республикаси Ер Кодексининг 18-моддаси, ҳамда ВМ 11.04.1995 йилдаги 126-сон Қарори билан тасдиқланган Низом).

Ягона солиқ тўлов (ЯСТ) тўловчиси бўлган корхоналар СК 271-моддасининг иккинчи қисмида ва 283-моддасининг учинчи қисмида назарда тутилган ҳолатлардан ташқари бошқа ҳолатларда мол-мулк солиғи ва ер солиғи тўловчилари бўлмайдилар (СКнинг 265-моддаси ва 279-моддаси).

Умумий майдони 1 гектардан ортиқ бўлган ер майдонига эга бўлган ЯСТ тўловчилари юридик шахслардан олинадиган ер солиғини тўлайдилар (СКнинг 349-моддаси, АВда 16.04.2018 йилда 3001-сон билан рўйхатга олинган Низом). Бунда солиқ органларига СКнинг 285-моддасига мувофиқ белгиланган шаклда (АВда 22.03.2013 йилда 2439-сон билан рўйхатга олинган қарорга 8-илова) ҳисобот топширилади. 

Умумий ер майдони 1 гектардан кам бўлган ёки ер майдони бўлмаган ЯСТ тўловчилар ЯСТнинг минимал миқдорини ҳисобга олган ҳолда ЯСТ тўлайдилар (АВда 03.03.2011 йилда 2203-сон билан рўйхатга олинган Низом). Бунда солиқ органларига корхона жойлашган ер участкаси бўйича (корхонага биро-бир ҳуқуқ асосида тегишли бўлган ёки ижарада турган) белгиланган тартибда маълумот юборилади (ЯСТ энг кам миқдорининг маълумотнома-ҳисоб-китоби, Низомга 2-илова). 

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.