Саволнинг ID си: 11746
vopros.norma.uz сайтида электрон саволларга жавобларда, жисмоний шахсларнинг ҳар қандай даромади, ойлик иш ҳаки, пенсия, мукофотлар, моддий наф тарзидаги даромадларнинг ҳисобланиши аксарият ҳолатларда 6710 счёт орқали амалга оширилиши кўрсатилган. Ойлик иш ҳаки тарзидаги даромадлар, пенсияларнинг 6710 счёт орқали ҳисобланиши 21 БҲМСда кўрсатиб ўтилганлиги боис тушунарли. Бироқ ходимга иш қаки тарзидаги даромадлардан бошқа даромадлар, масалан, моддий наф тарзидаги даромадларнинг, жумладан ходимларга натурада берилган совғаларни ходимнинг жами даромадига қўшиш максадида 6710 счётининг ишлатилиши нечоғлик туғри?
1. Ходимнинг “бошқа даромадларини” ҳисоблашда 6710 счётининг ишлатилиши аудитор ёки бошқа текширувчиларда бухгалтерия ҳисоби нотўғри ташкил этилган деган фикрни туғдирмайдими? 2. Бундай ҳолатда 6990 счётининг ишлатилиши ҳакида қандай тавсия бера оласиз?
Экспертларнинг жавоблари:

СКнинг 177 моддасига мувофиқ жисмоний шахснинг моддий наф тарзидаги даромади сифатида эътироф этиладиган тўловлар ёки мол-мулк қиймати ходимнинг жами даромадлари таркибига киради. Жисмоний шахснинг моддий наф тарзидаги даромадлари унинг жами даромадлари таркибида жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғига (ЖШДСга) тортилади. Ходимнинг иш ҳақи ва унга тенглаштирилган даромадлари 6710 “Ходимлар билан иш ҳақи бўйича ҳисоблашишлар” счётида акс эттирилади. Бунинг сабабларидан бири – бу ходимнинг жами даромадини солиққа тортишдир (имтиёзларни ҳисобга олган ҳолда). ЖШДС ҳисоблаш қоидаси шундайки, бунда аввал жисмоний шахснинг жами даромади тўпланади, ундан имтиёзларга эга моддалар чиқариб ташланади, кейин белгиланган ставкаларда солиқ ҳисобланади.

Агар корхонада ходимлар даромадининг бирор-бир тури бўйича алоҳида ҳисоб юритилмоқчи бўлса, уларни алоҳида субсчётда акс эттириш мумкин, лекин автоматлаштирилган бухгалтерия ҳисобида (масалан “1С”да) жисмоний шахснинг барча даромадларини тури бўйича (субконто) алоҳида 6710 счётида акс эттириш кўзда тутилган бўлади. Ёки керакли ҳолатларда ходимнинг даромадларини солиққа тортиш мақсадида аввал 6710 счётида ҳисобга олиб, жами даромаддан солиқ ушлаб қолинганидан кейин тўловларнинг айрим турлари бўйича суммаларни 6990 счётига ўтказиб акс эттириш қонунга зид эмас. “Жорий мажбуриятлар бўйича етказиб берувчилар ва пудратчиларга қарзлар, алоҳида бўлинмаларга қарзлар, шуъба ва тобе хўжалик жамиятларига қарзлар, муддати кечиктирилган даромадлар, солиқлар ва мажбурий тўловлар бўйича муддати кечиктирилган мажбуриятлар, бошқа муддати кечиктирилган мажбуриятлар, олинган бўнаклар, бюджетдан солиқларга оид қарзлар, суғуртага оид қарзлар, давлат мақсадли жамғармаларидан тўловларга оид қарзлар, таъсисчилардан қарзлар, меҳнатга ҳақ тўлашга оид қарзлар, қисқа муддатли банк кредитлари, қисқа муддатли қарзлар, узоқ муддатли мажбуриятларнинг жорий қисми ва бошқа кредиторлик қарзлари суммалари ошкор қилинади (15-сон БҲМС 21-банд). Лекин бунга талаб бор-йўқлигини таҳлил қилиб кўриш керак, чунки бундай  ўтказмаларнинг барчаси ортиқча иш бўлиши ва ҳисоб юритишни керагидан ортиқ мураккаблаштириб юбориши мумкин. 

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.