Саволнинг ID си: 11789
“Ўрта Чирчиқ ГЭСлар Каскади” унитар корхонаси балансида тугалланмаган қурилиш хисобида “Ғазалкент ГЭСи ўнг қирғоқ устки сув ташлагич” объекти мавжуд. Ушбу объект қурилиши муддатида тугатилмаганлиги сабабли 29.12.2017 йилдаги ПҚ-3454нинг 17-иловасига асосан мол-мулк солиғи икки баробар ставкада хисобланиб, тўлаб келинмоқда. Ўзбекистон Республикасининг 03.01.2018 йилдаги ЎРҚ-456 Қонунига асосан Солиқ кодексининг 271-моддасига киритилган қўшимчага кўра белгиланган муддатида тугатилмаган қурилиш объекти учун ўрнатилган мол-мулк солиғи ставкаси уч баробар хисобланиши назарда тутилган.
Қурилиши белгиланган муддатда тугатилмаган объектлар объект учун мол-мулк солиғи қайси ставкада ҳисобланиши лозим?
Экспертларнинг жавоблари:

СКнинг 271-моддасида  ва Президентнинг 29.12.2017 йилдаги ПҚ-3454 қарори 17 иловасида белгиланган муддатларда тугатилмаган қурилиш объектларига оширилган ставкада мол-мулк солиғи солиниши белгиланган. Лекин ушбу қонун ҳужжатларида турли ҳолатлар назарда тутилган.

Ет майдони тадбиркорлик фаолиятини юритиш учун мўлжалланган объект ёки тадбиркорлик фаолиятига кирмайдиган фаолият юритишга мўлжалланган объект қуриш учун ажратилиши мумкин. Бу ҳақидаги маълумот ер ажратиш тўғрисидаги ҳужжатда кўрсатилади. Шунга қараб, ёки СКнинг 271-моддаси, ё бўлмаса ПҚ-3454 нинг 17-иловасидаги қоида қўлланилади.

Солиқ Кодексининг 271-моддасига мувофиқ тадбиркорлик фаолиятини юритиш учун ажратилган ер участкаларида объектлар қурилиши лойиҳа-смета ҳужжатларида белгиланган норматив муддатда тугалланмаган тақдирда, бундай объектлар бўйича мол-мулк солиғи белгиланган ставканинг уч баравари миқдорида ундирилади. Яъни, бундай вазиятда мол-мулк солиғи ҳисоб-китобида (яъни солиқ ҳисоботи шаклида) корхона муддатида тугатилмаган қурилиш объектлари бўйича белгиланган ставканинг уч бараварини қўллаши лозим бўлади.

Агар қурилиш объекти тадбиркорлик фаолиятига кирмайдиган фаолият юритиш учун ажратилган бўлса, у ҳолда мол-мулк солиғи Президентнинг ПҚ-3454 қарорида белгилангани каби икки баравар ставкада тўланади, тегишинча, солиқ ҳисоботида ҳам шу ставка акс эттирилади.

Фикримизча, сизнинг корхонага тегишли объект бўйича солиқ ставкасининг уч баравари қўлланилиши керак.

Давлат архитектура ва қурилиш қўмитасининг Давлат архитектура-қурилиш назорати ҳудудий инспекциялари қурилиш объектлари бўйича солиқ органларига ахборот етказиб туради. Шунинг учун муддатида тугатилмаган объектларга оид маълумот корхонангиз рўйхатдан ўтган солиқ инспекциясида бўлиши керак. Агар корхонангизга тегишли қурилиш объекти бўйича бирор-бир шубҳа мавжуд бўлса, у ҳолда солиқ инспекциясидан у бўйича маълумот олишингиз мумкин.

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.