Саволнинг ID си: 12521
Корхонага тегишли автотранспорт воситасига корпоратив карточкага чакана савдодан эҳтиёт қисм - аккумлятор сотиб олинди. Аккумляторнинг қиймати 370 минг сўм, корпоратив картадан 300 минг сўм, ходимнинг ўз маблағидан 70 минг сўм тўланди. Товар қийматини бўлиб-бўлиб тўлангани учун чалкашлик юзага келмоқда. Масалан, корпоратив карта ҳисоботига кўра 1 дона аккумлятор Дт 1090 Кт 4230 (300 минг), ходим ўз маблағини сарфлаганлиги тўғрисидаги ҳисоботда 1 дона аккумлятор Дт 1090 Кт 6970 (70 минг) тарзида программага кирим қилинмоқда, Дт 9430 Кт 1090 тарзида иккита ўтказма ҳамда иккита товар ҳисобдан чиқарилмоқда.
Ушбу ходим аванс отчётини қандай топширади? Юқоридаги вазият юзасидан қандай бухгалтерия ўтказмаларини амалга оширишни тавсия этасиз?
Экспертларнинг жавоблари:

Юридик шахслар корпоратив банк карталаридан фойдаланиб харажат қилганларида ҳисобдор шахс Адлия вазирлигида 2002 йил 23 октябрда 1181-сон билан рўйхатга олинган Йўриқномада белгиланган тартибда ҳисобот топшириши керак.

Қуйидаги материал билан танишиб чиқинг:

https://kadrovik.uz/question/12388?sid=3233&st=210336&us=adrbagbe3aa0jjqgqnntnfvv46

Аккумуляторни 370 минг сўм қийматда кирим қилишингиз учун сизда асос бўлиши керак. Президентнинг 30.10.2018 йилдаги ПФ–5564-сон Фармонида 2018 йил 1 ноябрдан бошлаб юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан нақд пулсиз ҳисоб-китобларни олди-сотди шартномаларини тузмасдан инвойс (ҳисоб-фактура) бериш орқали корпоратив банк карточкаларидан фойдаланган ҳолда амалга оширилишини назарда тутувчи тартибини жорий этиш ҳақидаги таклифларига розилик берилган. Ҳар қандай ҳолатда ҳам сотувчидан счёт-фактура талаб қилиб олинг. Счёт-фактурада аккумулятор нархи 370 минг сўм суммада ёзилган бўлади. Ходим ўз ҳисоботига счёт-фактурани, терминал чекини ҳамда ўз ҳисобидан тўлаган 70 минг сўмни тўлаб бериш тўғрисидаги аризани илова қилиб, бухгалтерияга топширади. Ходим аризаси ва ҳисоботи корхона раҳбари имзоси билан тасдиқланган бўлиши лозим. Аризада раҳбар ходим қилган харажатини қоплаб беришга розилик билдириши ёки бу тўғрисида буйруқ чиқариши керак. Шу ҳужжатлар асосида ходимга харажатини қоплаб берасиз. Бунда корхонангиз уставида (ёки низомида) бирор-бир чекловлар мавжуд эмаслигига ёки юқори ташкилотлар томонидан раҳбар ҳаракатларига чекловлар қўйилмаганига ишонч ҳосил қилинг.

Аккумулятор счёт-фактурада кўрсатилган 370 минг сўм қийматда бухгалтерия ҳисобига олинади. Бунда қуйидагича ўтказмалар берилади.

Аккумулятор кирим бўлиши 370 минг сўмга:

Дт 1040 “Эҳтиёт қисмлар”

Кт 6010 “Сотувчига (чакана савдо дўконига) тўланадиган счётлар”

Корпоратив картадан пул сарфлангани 300 минг сўмга:

Дт 4230 “Умумхўжалик харажатлари учун берилган бўнаклар”

Кт 5530 “Бошқа маҳсус счётлар” (ёки бошқа счёт очишингиз  мумкин, масалан, 5540 “Корпоратив карта)

Ходим қилган харажатига (70 минг сўмга):

Дт 6010 “Сотувчига (чакана савдо дўконига) тўланадиган счётлар”

Кт 6990 “Бошқа мажбуриятлар (ходимга мажбурият)

Ҳисобдор ходимнинг картадан тўланан маблағни ҳисобга олиш, 300 минг сўмга:

Дт 6010 “Сотувчига (чакана савдо дўконига) тўланадиган счётлар”

Кт 4230 “Умумхўжалик харажатлари учун берилган бўнаклар”

Ходимга пул маблағини қоплаб бериш, 70 минг сўмга:

Дт 6990 “Бошқа мажбуриятлар (ходимга мажбурият)

Кт 5110 “Ҳисоб-китоб счёти”(ходим ПКсига ўтказилса)  ёки 5010 “Касса”(кассадан берилса)

Аккумулятор фойдаланишга топширилганида уни ҳисобдан чиқаришда муаммо бўлмайди, битта аккумулятор кирим бўлган, биттаси чиқиб кетади.

Қуйидаги қўшимча материаллар билан танишиб чиқишни тавсия этамиз:

https://kadrovik.uz/question/11576

https://kadrovik.uz/question/12364?sid=3233&st=210234&us=adrbagbe3aa0jjqgqnntnfvv46

https://kadrovik.uz/question/12251?sid=3233&st=210242&us=adrbagbe3aa0jjqgqnntnfvv46

https://kadrovik.uz/question/7972?us=kb55f1t2rvj8el560sm7t9uqa0

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.