Саволнинг ID си: 13506
Корхонамиз МЧЖ шаклида тузилган. МЧЖни паррандачилик кластерига айлантирмоқчимиз
1.МЧЖни Кластерга айлантириш тартиби қандай? 2.Кластерларларга қанақа солиқ ва божхона имтиёзлари мавжуд?
Экспертларнинг жавоблари:

Кластер тушунчаси

Кластер – бу масъулияти чекланган жамият, акциядорлик жамияти ёки хусусий корхона каби юридик шахснинг ташкилий-ҳуқуқий шакли эмас. Кластер гуруҳига бир нечта МЧЖ ёки бошқа ташкилий-ҳуқуқий шаклдаги корхоналар кириши мумкин.

Кластер (иқтисодий кластер) деганда маълум бир худудда концентрациялашган ва фаолияти муайян вазифаларни бажаришга қаратилган ташкилотлар (маҳсулот, хом ашё етказиб берувчилар, махсус хизматлар кўрсатувчилар) гуруҳи тушунилади. Улар бир-бири билан узвий боғлиқ бўлади.

Президентнинг “Паррандачиликни янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар” тўғрисидаги қарорида Республикамизнинг барча ҳудудларида парранда етиштириш, уни қайта ишлаш ва якуний тайёр маҳсулот тайёрлаб, истеъмолчига етказиш жараёнини тўлиқ қамраб олган паррандачилик кластерларини ташкил этиш вазифаси қўйилган ва унда аниқ дастурлар белгиланаган (13.11.2018 йилдаги ПҚ-4015). Бу борада “Паррандасаноат” уюшмаси билан маслаҳатлашишингизни тавсия этамиз. Шунингдек, ПҚ-4015 сонли қарор билан танишиб чиқинг.

Паррандачилик соҳасига солиқ ва божхона имтиёзлари

Юқорида кўрсатилган Қарорга асосан (13.11.2018 йилдаги ПҚ-4015) қуйидагилар белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича 2021 йил 1 ноябрга қадар божхона тўловларидан (расмийлаштирув йиғимидан ташқари) озод этилади:

  • наслли она товуқ ва барча турдаги технологик асбоб-ускуналар сотиб олиш, парранда етиштиришни ташкил этиш, парранда маҳсулотларини қайта ишлаш ва сақлаш, инкубация цехларини ташкил этиш, паррандачиликка ихтисослашган бино-иншоотларни қуриш ва қайта таъмирлаш, махсус техника, эҳтиёт қисмлар ва бошқа асосий воситалар;
  • чет эл ташкилотлари ва унинг шуъба корхоналари, фирма дўконлари, дилерлик тармоқлари ва тадбиркорлик субъектлари томонидан паррандачилик хўжаликлари эҳтиёжи учун четдан келтирадиган парранда озуқа ва озуқа қўшимчалари, ветеринария препаратлари, диагностикумлар.

Товуқ гўшти ва тухум маҳсулотларини реализация қилиш оборотлари ҚҚСдан озод қилинади (СКнинг 208-моддаси 28-б, ВМнинг 31.12.2018 йилдаги №1065 қарори). Ундан ташқари, ветеринария соҳаси бўйича ҳам (паррандачилик кластерларида керак бўлган соҳа) солиқ имтиёзи мавжуд (СКнинг 208-моддаси 13-бандини ўқинг).

Фойдали материаллар қуйида келтирилган:

https://kadrovik.uz/question/12601

https://kadrovik.uz/question/12569

https://kadrovik.uz/question/12643

 

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.